Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга сафари якунланди (фото)

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи якунига етди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Ташрифнинг сўнгги кунида Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳрида Корея Республикасининг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Тадбирда Корея Республикаси савдо, саноат ва энергетика вазири Мун Син Ук, Корея халқаро савдо уюшмаси раиси Кристофер Ку, Корея Эксимбанки, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), «SK Ecoplant», «Posco», «Samsung», «SK Nexilis», «Youngone», «KIA Motors», «K-water», «KT-Net» ва кўплаб бошқа компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
– Мамлакатимизда бошланган ўзгаришлар ортга қайтмайди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Янги Ўзбекистон стратегиясида мамлакатимизда тадбиркорлар учун энг қулай шароитлар яратиш, хорижий бизнес фаолиятини кенгайтириш ишларини давом эттириш кўзда тутилган. Ўзбекистоннинг ишончли дўсти ва алоҳида стратегик шериги – Корея Республикаси билан барқарор, ишончга асосланган ва жадал ривожланиб бораётган ҳамкорликни қадрлаймиз.
Жанубий Корея ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда фаол тадбиркорлик учун яратилган шароитларни юксак баҳолади ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантиришга катта қизиқиш билдирди.
Учрашувда Корея компаниялари билан ҳамкорликда рақамлаштириш, «яшил» энергетика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, фармацевтика, геология соҳалари ва бошқа кўплаб йўналишларда умумий қиймати 5 миллиард доллардан ортиқ 40 та янги лойиҳани амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев бу режаларни маъқуллаб, мутасаддиларга аниқ муддатларини белгилаган ҳолда тегишли «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга топшириқ берди.
– Бош мақсадимиз – Корея бизнеси Ўзбекистонда қулай шароитлар ва ишончли муҳитни ҳис этиб фаолият юритсин, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз Корея компаниялари раҳбарларини Ўзбекистонга келиш ва у ерда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлардан фойдаланишга таклиф этди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter