Шавкат Мирзиёев Хитойга боради
Кеча, 24 апрель куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, Ташқи ишлар вазири Ван Йи билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар берди.
Февралдаги учрашув давоми сифатида ТИВ раҳбарлари томонидан сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кенг қамровли стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашнинг аниқ йўллари муҳокама қилинди.
Вазирлар ШҲТ давлат раҳбарларининг Циндао шаҳрида бўлажак мажлисига ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Раиси Си Цзинпиннинг икки томонлама учрашувига тайёргарлик кўриш юзасидан фикр алмашдилар.
Минтақавий кун тартибини муҳокама қилиш чоғида Абдулазиз Комилов ва Ван Йи томонидан Тошкентда март ойида бўлиб ўтган ва Хитойнинг нуфузли делегацияси фаол иштирок этган Афғонистон бўйича юқори даражали халқаро конференция натижалари юқори баҳоланди ва Афғонистон можаросини ҳал этиш доирасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликлари тасдиқланди.
Учрашувда Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигининг бошқа долзарб масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter