Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев ва Ангела Меркель видеоанжуман шаклида учрашув ўтказадилар

Шавкат Мирзиёев ва Ангела Меркель видеоанжуман шаклида учрашув ўтказадилар

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал канцлери Ангела Меркель 12 март куни видеоанжуман шаклида учрашув ўтказадилар. Бу ҳақда давлатимиз раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Икки мамлакат етакчилари кўп қиррали Ўзбекистон-Германия шериклигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиқишлари кўзда тутилган.

Олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни амалга ошириш, конструктив сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар ҳамкорликка доир қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Музокараларда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2019 йил январь ойида расмий ташриф билан Германия Федератив Республикасида бўлди, ўша йилнинг май ойида эса Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келди.

Германия Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий, инвестициявий ва технологик шерикларидан биридир.

Ўтган йил якунларига кўра ўзаро товар айирбошлаш 829 миллион долларни ташкил этган, мамлакатимизда Германиянинг 700 миллион доллардан зиёд инвестициялари ўзлаштирилган. Ўзбекистонда 200 га яқин қўшма корхона фаолият юритмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг