Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди

Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу куннинг ўзида Қуролли Кучлар Академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг миллий армиямизни янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда Хавфсизлик кенгаши аъзолари, Қуролли Кучлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, видеоконференцалоқа орқали эса ҳудудлар раҳбарлари, ҳарбий округ ва ҳарбий қисмлар қўмондонлиги, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берилди.

Йиғилишда Қуролли Кучларни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар сарҳисоб қилиниб, вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг миллий армиямизни ривожлантириш ва ислоҳ қилиш борасидаги фаолиятига танқидий баҳо берилди. 

Президентимиз 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакат ҳаётининг бошқа соҳалари билан бир қаторда ҳарбий қурилиш йўналишида кенг миқёсли модернизация ишлари амалга оширилгани, бу билан қисқа даврда аниқ натижаларга ҳамда Қуроллик Кучларимиз қиёфаси бўйича стратегик ёндашувни шакллантиришга эришилганини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳозирги ахборот маконидаги қарама-қаршилик, одамлар, айниқса ёш авлоднинг онги ва қалби учун кураш кучайган шароитда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди.

Аҳолини, аввало, ёшларни шундай руҳда тарбиялаш тизимини такомиллаштириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига жалб қилиш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.

– Армия моддий жиҳатдан энг замонавий ва зарур воситалар билан таъминланган бўлиши мумкин, лекин аҳлоқий жиҳатдан заифлиги, жанговар руҳи, Ватанга содиқлик ва муҳаббат, унинг тақдири учун масъулият ҳисси йўқлиги ёки лоқайдлик тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Бундан ташқари, Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг бошқа муҳим йўналишлари кўриб чиқилди.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш соҳасида келгуси ишларни ташкиллаштириш бўйича вазифалар белгиланди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг