Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси делегациясини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси делегациясини қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 май куни Корея Республикасининг Шимол билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўмитаси раиси Сон Ён Гил бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президентнинг матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, дўст Жанубий Корея раҳбарияти ва халқини жорий йил 27 апрель куни Пханмунджомда Кореялараро саммит муваффақиятли ўтгани билан яна бир бор табриклади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ушбу тарихий тадбир Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг КХДР билан муносабатларни яхшилаш, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, ишонч муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган «Янги шимолий сиёсат»ни рўёбга чиқариш борасидаги қатъий позицияси ва саъй-ҳаракатлари туфайли самарали натижалар бераётгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.

2017 йил ноябрь ойида Жанубий Кореяга олий даражадаги ташриф якунида эришилган келишувлар икки томонлама ҳамкорликни янада юксак даражага олиб чиқиб, сифат жиҳатидан янги мазмун, турли соҳаларга доир аниқ лойиҳалар ва дастурлар билан бойитди.

Суҳбат чоғида мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, молиявий-инвестициявий, инновация ва гуманитар, жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сон Ён Гиль давлатимиз раҳбарига самимий қабул ва табрик учун миннатдорлик билдириб, Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Меҳмон Корея Республикаси улкан минтақанинг тинчлиги, барқарорлиги ва изчил тараққиёти йўлида Ўзбекистон Республикаси билан кенг кўламли ва кўп форматли шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини қайд этди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг