Шавкат Мирзиёев ЕТТБ президенти бошчилигидаги делегацияни қабул қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 11 июнь куни Хорижий инвесторлар кенгашининг учинчи мажлиси арафасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ўзбекистон билан ушбу нуфузли халқаро молиявий институт ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Қўшма лойиҳалар портфели кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди: ЕТТБнинг Ўзбекистонга инвестициялари 5,5 миллиард евродан ошди. Жорий йилда яна 1,1 миллиард евро жалб қилиш режалаштирилган бўлиб, унинг катта қисми хусусий секторни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Шериклик стратегияси самарали амалга оширилмоқда. ЕТТБнинг фаол кўмаги билан банк соҳасини трансформация қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбари ҳамкорлик натижадорлигини ошириш муҳимлигини таъкидлаб, унинг асосий устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди.
Сув таъминоти тизимини технологик жиҳатдан модернизация қилиш, энергия самарадорлигини ошириш дастурини илгари суриш, ипотека бозорини, эркин иқтисодий зоналар инфратузилмасини ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнес имкониятларини кенгайтириш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш каби йўналишлар шулар жумласидан.
Таълим ва тиббиёт соҳаларида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини илгари суриш, сунъий интеллектни жорий қилиш ва рақамли трансформацияга қаратилган стартапларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Хорижий инвесторлар кенгашининг бўлажак учинчи мажлиси кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter