Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шаҳарсозлик нормаларини бузганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик кучайтириляпти

Шаҳарсозлик нормаларини бузганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик кучайтириляпти

Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга шаҳарсозликка оид қонунчилик талабларини бузганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликларни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида кўриб чиқилган «Сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида, жумладан, Жиноят кодексининг амалдаги 229-3-моддасининг санкциялари кучайтирилиб, бош режаларга зид равишда қурганлик, фойдаланишга қабул қилиш қоидаларини бузганлик, кўп квартирали уйларни ертўла ва биринчи ва қаватидаги конструкцияларни бузганлик ва рухсат олмасдан қурганлик учун маъмурий жарималар қўлланилганидан сўнг, ушбу ҳуқуқбузарликларнинг қайта содир этилиши жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши белгиланмоқда. 

Яъни, мазкур қилмишларнинг оғир ёки енгиллигига қараб маъмурий жазо тайинлангандан сўнг содир этилса – 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёҳуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмоқда. Агар, қонунбузарлик одамлар ўлимига сабаб бўлса ёки бошқа оғир оқибатларни келтириб чиқарган ҳолларда – 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ва қонунбузарлик тўғри квалификация қилиниши учун ҳар бир ҳуқуқбузарлик алоҳида қисм сифатида қайд этилмоқда. Инспекция ёки судларда содир этилиши мумкин бўлган коррупсияни олдини олиш мақсадида маъмурий жарималар миқдорини ягона қилиб белгилаш, яъни амалдаги маълум бир суммадан маълум суммагача деган нормадан воз кечиш назарда тутилмоқда.

Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан ишчи гуруҳ аъзолари билан биргаликда бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, лойиҳани биринчи ўқишда кўриб чиқиш давомида берилган бир қатор таклифлар ишчи гуруҳ йиғилишларида чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти ҳужжат матнида акс эттирилди.

Депутатларнинг айтишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шаҳарсозлик фаолияти соҳасида кўпайиб бораётган ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш, тасдиқланган бош режаларга риоя этилишини таъминлаш, қурилиш сифатини ошириш ҳамда содир этилган ҳуқуқбузарликларни камайтириб, жазо таъсирчанлигини оширишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг