Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шаҳарда ҳаммаси «беш», қишлоқда-чи?!

Шаҳарда ҳаммаси «беш», қишлоқда-чи?!

Фото: «biz.censor.net»

XXI асрда ноанъанавий бизнеслар қаторида АКТ салмоқли ўрин эгаллаётгани сир эмас. Илғор инновацион ишланмаларнинг ҳаётга жорий этилиши ортидан кўплаб давлатлар бу соҳадан катта даромад орттирмоқда.

Замонавий билим ва кўникмага, илғор инновацион ишланмага эга бўлган кичик бир компания жамоаси ўнлаб гектар ҳудудда жойлашган, минглаб ишчи меҳнат қиладиган завод ва фабрикадан кўра юқори даромад олаётгани сир эмас. Дунёнинг энг бой одамлари қаторида АT ва компютер технологиялари бизнеси вакилларининг етакчилик қилишидан кўп нарсани илғаш мумкин. Ўзбекистонда ҳам бу соҳа жадал ривожланяпти. Давлат ва ҳукумат томонидан хорижий инвесторларга катта имтиёзлар берилган. Соҳанинг ҳуқуқий асослари такомиллашиб, тадбиркорларга мадад бўладиган имкониятлар яратилмоқда. Лекин, бу соҳада бизнес юритувчи барча компаниялар ва тадбиркорлар ҳам зиммасидаги мажбуриятни тўла бажариб, лицензия талабларига риоя этяпти, деб айта олмаймиз.

Бошқа ҳудудларни билмадигу аммо Қашқадарё вилоятида алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида бир қанча муаммолар йиғилиб қолган. Аввало, аҳолини сифатли алоқа хизматлари билан қамраб олиш ишларини кўнгилдагидек, деб бўлмайди.

Бугунги кунда вилоят ҳудудида 5та мобиль алоқа оператори хизмат кўрсатмоқда. 2018 йилнинг 1 март ҳолатига кўра, вилоятда жами ишлаб турган база станциялари 1493тани ташкил этади. Мобил алоқа абонентлари сони эса 1700000га яқинлашди.

Бир қараганда, рақамлардан вилоятда мобиль алоқа хизматини кўрсатишда олдинга силжиш бордек кўринади. Бироқ, вилоят ҳудудининг катталиги, аҳолининг нотекис жойлашувини ҳисобга олсак, кўз илғамас муаммолар янада ойдинлашади.

Бугунги кунда мобиль алоқа компаниялари томонидан Қашқадарё вилоятидаги аҳоли масканларини мобиль  қамров ҳолати фоиз ҳисобида қуйидагича:

  •  «Unitel» МЧЖ ХК 2G — 60,1 фоиз, 3G — 7,1 фоиз, LTE — 0,1 фоиз;
  •  «UMS» МЧЖ 2G — 65,9 фоиз, 3G — 5,2 фоиз;
  •  «Coscom» МЧЖ ХК 2G — 49,3 фоиз, 3G — 2,2 фоиз;
  •  «Ўзбектелеком» АК «ЎзМобайл» филиали 2G — 4,5 фоиз, 3G — 2,0 фоиз, LTE — 1,2 фоиз, CDMA — 76,9 фоиз;
  •  «RWC» МЧЖ ХК CDMA — 50,5 фоиз.

Вилоятда 1204та аҳоли яшаш маскани бўлиб, шундан 1086таси мобиль  алоқа сигналлари билан (91,2 фоиз) қамраб олинган.

Жорий йил феврал ойида ўтказилган мобиль  алоқа ўлчовлари шуни кўрсатдики, ҳудуддаги жами 118та аҳоли яшаш масканида мобиль алоқа қамрови умуман йўқ, вилоятдаги темир йўллар ва магистрал йўллар атрофи мобиль  алоқа сигналлари билан тўлиқ қамраб олинмаган.

Табиийки, бу кўрсаткичлар мамлакатимизнинг иқтисодий қуввати ва соҳа ривожи учун қаратилаётган эътиборга мутлақо мос эмас.

Мазкур масалалар, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг доимий диққат-эътиборида бўлиб, Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлинмасига мобиль  алоқа қамровини доимий назорат қилиб бориш, қамров ҳудудини кенгайтириш чораларини кўриш юзасидан топшириқлар берилган.

Инспекция бошлиғининг топшириғига асосан ҳудудий бўлинма томонидан 2017 йилнинг ноябр, 2018 йилнинг март ойларида барча мобиль алоқа компаниялари иштирокида йиғилишлар ўтказилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, алоқада узилишларга йўл қўймаслик, лицензия талабларига риоя этмаганлик бўйича кўзда тутилган чоралар юзасидан огоҳлантирилди.

2017 йилда "Unitel” МЧЖ ХК раҳбарига маъмурий чора қўлланилди. 2018 йил 15 март куни “Coscom” МЧЖ ХКга база станциясининг 20 соатдан ошиқ ўчиб қолганлиги бўйича кўрсатма киритилди.

2018 йил 19 январ куни вилоятда фаолият олиб бораётган барча мобиль ва симли алоқа компанияларига сифат кўрсаткичларини доимий назорат қилиш юзасидан огоҳлантириш хатлари юборилди.

Мобиль алоқа компаниялари томонидан берилган маълумотга кўра, 2018 йилда мобиль алоқа қамрови умуман йўқ аҳоли яшаш масканларида “Unitel” ХК томонидан 48та, “ЎзМобайл” филиали томонидан 4та база станциясини ўрнатиш режалаштирилган.

Бундан кўринадики, қолган 66та аҳоли яшаш масканларида 2018 — Фаол тадбиркорлик ва инновацион ғояларни қўллаб қувватлаш йилида ҳам мобиль  алоқа сигналлари бўлмайди!

Демак, бу ҳудудларда яшовчи аҳоли ахборот-коммуникация технологиялари ютуқларидан фойдалана олмайди.

Бунинг сабаби мобиль алоқа компаниялари кўпроқ ҳудудни қамраб, сифатли алоқа хизматини кўрсатишга эмас, шаҳар марказларида хизматларни ривожлантириб, кўпроқ даромад олишга асосий эътибор қаратаётганида.

Бизнингча, алоқа операторлари чекка ҳудудларга қадар кириб бориб қамров доирасини кенгайтирса, ўз абонентлари сонини сезиларли даражада ошириш боробарида, қишлоқлар инфратузилмаси ривожланишига ҳам ўз ҳиссасини қўшган бўлар эди.

Бугун мавжуд мобиль  алоқа билан қамраб олинмаган 118та аҳоли яшаш манзилида ҳам тадбиркорлик жадал ривожланяпти. Аҳолининг турмуш фаровонлиги ошмоқда.

Яна шуни унутмаслик керакки, мобиль алоқа компаниялари лицензияларида хизмат кўрсатиш ҳудуди сифатида Ўзбекистон Республикасини кўрсатган. Шундай экан, мамлакатимизда юритилаётган сиёсатнинг узвий давоми сифатида қишлоқ ва шаҳар ўртасида фарқ бўлмаслиги керак. Шаҳарда ҳам, қишлоқда ҳам Ўзбекистон фуқаролари яшайди ва улар энг яхши хизматга ва ҳаётга муносиб.

Дилмурод ЖАВЛИЕВ,

инспекциянинг Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлинмаси бошлиғи вазифасини бажарувчиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг