Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Сенаторларнинг ваколати ва масъулияти бир неча баробар ошди» – Президент Сенат мажлисида қатнашяпти

«Сенаторларнинг ваколати ва масъулияти бир неча баробар ошди» – Президент Сенат мажлисида қатнашяпти

Президент Шавкат Мирзиёев янги чақириқ Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида иштирок этмоқда.

Давлат раҳбари ўз нутқида юксак ишончга сазовор бўлиб, Сенат аъзоси этиб сайланганларни табриклади. Сенаторлар Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз учун тинч ва осойишта, эркин ва фаровон ҳаёт яратиш йўлида бор билим ва тажрибасини, куч ва салоҳиятини ишга солишига умид билдирди.

Сайловлар натижасида бешинчи чақириқ Сенатнинг таркиби сифат жиҳатидан юқори даражада – кўплаб етакчи соҳа ва тармоқлар вакиллари, таниқли сиёсат, иқтисодиёт, илм-фан ва маданият намояндаларидан иборат бўлиб шакллангани таъкидланди.

«Сенаторларнинг ҳар 3 нафаридан бири илмий даражага эга. Қарийб 27 фоизи ёки 16 нафари хотин-қизлар экани оила, оналик ва болалик, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, умуман, ижтимоий масалалар бўйича қонунчилик фаолияти ҳамда парламент назоратини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Конституциявий ислоҳотлар натижасида Сенат таркиби ихчамлашиб, унинг аъзолари сони 100 нафардан 65 нафарга қисқарди.

Айни вақтда сенаторларнинг ваколатлари ва масъулияти бир неча баробар ошди.

Хусусан, юқори палатанинг парламент назорати ва бир қатор муҳим давлат органларини шакллантиришдаги иштироки сезиларли равишда кенгайтирилди.

Илгари сенаторлар назорат тадбирларида ёки сайловчилар билан учрашувларда қонунларда аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ ваколатга эга эмас эди. Янгиланган Конституцияда Сенатга қонунчилик таклифини киритиш ҳуқуқи берилиши билан масала ўз ечимини топди», – деди давлат раҳбари.

Президент янги сайланган сенаторлар энди бу жараёнларда фаол бўлишига ишонч билдирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг