Сенатор сўрови: кўмир сифати паст, нархи қиммат...

«Ўзбеккўмир» АЖга сенатор сўрови юборилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар берди.
Олий Мажлис Сенати аъзолари Абдураҳим Иркаев ва Хуршид Фозиловга фуқаролар ҳамда ижтимоий соҳа объектларидан уларга етказиб берилаётган кўмирнинг сифати жуда паст эканлиги борасида кўплаб шикоятлар келиб тушган.
Шу жиҳатдан сенаторлар ва тегишли мутахассислардан иборат 14 нафар вакил томонидан «Қашқадарё кўмир етказувчи» филиали ва кўмир омборларида ўрганишлар олиб борилди. Ўрганишлар якунида «Ўзбеккўмир» АЖга сенаторлик сўрови юборилди.
Қайд этилганидек, «Ўзбеккўмир» АЖ етказиб берилаётган кўмир сифатига ўзига хос стандартлар ўрнатган. Вилоятнинг кўмир омборларига келтирилаётган БР-2 маркадаги қаттиқ ёқилғининг 50 фоизи кўмир кукунидан иборат.
Ҳаддан ташқари намлик натижасида ташиш, юклаш, тушириш, етказиб берувчидан охирги истеъмолчига қадар камида кўмирнинг сифати уч баробарга пастламоқда.
Боз устига, кўмирнинг нархи ҳам қиммат. Бир тонна кўмир брикети 412,5 сўм бўлса, БР-2 маркаси 300,3 сўмдан сотилмоқда.
Тез орада сенаторлар томонидан «Ўзбеккўмир» АЖнинг аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларига сифатли кўмир маҳсулотларини етказиб бериши юзасидан юборилган сўров натижалари бўйича батафсил маълумот берилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter