«Санъат сиёсатга қарши»: Албанияда ҳам «снос» муаммоси (видео)
«Агар электрни ўчиришса, генераторни ёқамиз» — Албания Миллий театри ҳимоячилари ток ўчирилса, саҳнани шу тарзда ёритишмоқчи. Аммо актёрларнинг бундан ҳам катта муаммоси бор. Улар ҳукуматнинг 1939 йилда қурилган театр биносини бузиб ташлаб, ўрнида осмонўпар бинолар қуриш режасига ҳам қарши курашишяпти, дейилади «Euronews» хабарида.
«Лойиҳани ошкора овозга қўймасдан тасдиқлашган. Актёрлар ва фуқароларнинг туйғулари эса ҳеч кимни қизиқтирмаган. Шунинг учун ҳам биз ўз демократиямизни ҳимоя қилиш, бизнесменлар билан бир тараф бўлиб олган коррупциялашган сиёсатчиларга қарши курашишга мажбурмиз».
Кастриот Чипи,
театр директори
Бир неча ҳафтадирки, фаоллар гуруҳи тарихий бинони эгаллаб олган. Ҳукумат вакиллари билан тўқнашувлар ҳам юз берди.
Театрда ҳафтасига учтадан спектакль берилади: норозилик акцияси қатнашчиларини қўллаб турган ягона молиявий манба шу.
«Уларнинг зўравонлигига биз санъат билан жавоб қайтарамиз. Бу театрнинг сиёсатга қарши бош қуроли».
Тауланда Юпи,
Тирана университети
Ҳукумат баёнотига кўра, эски бино соғлиқ ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайди. Ёзда — иссиқ, қишда — совуқ. Кўплаб санъат намояндалари театр учун янги бино қурилишини қўлламоқда.
«Акция қатнашчилари бинонинг ўзини эмас, балки унинг тарихини ҳимоя қилишаётганини айтишмоқда. Албания нацистлардан озод этилганидан сўнг коммунистлар илк судларни шу ерда ўтказишган», — деб ёзмоқда «Euronews» мухбири Жэк Пэррок.
Исёнчиларнинг назарида янги бино қуриш шунчаки баҳона, буни пулни «ювиш» учун ўйлаб топишган. Акс ҳолда бузиш ва қуриш лойиҳаси шаффоф ўтказилган бўларди, дейишмоқда улар.
Албания бош вазири Эди Рама эса нега одамлар жазавага тушаётганини тушунмади.
«Лойиҳани ўрганган Европа комиссиясидагилар танлов ўтказиш кераклигини айтишди. Биз танловни ўтказдик. Хўш, кейин нима бўлди...».
Эди Рама,
Албания бош вазири
Ҳозирча томонлар диалогга шай эмаслигини кўрсатмоқда. Аммо эртами-кечми — барибир парда туширилади ва Миллий театр тақдири ҳал бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter