Самарқандда зайтун етиштирилади
Меваси ҳам, ёғи ҳам кони фойда, айни вақтда қиммат бўлган зайтун шу вақтгача Ўзбекистонга фақат импорт маҳсулот сифатида кириб келган. Зеро, у ҳар қандай иқлимга мос келавермайди, шу сабаб нисбатан иссиқ ва денгиз бўйи давлатларида етиштирилади.
– Лекин селекция натижасида нисбатан совуқроқ иқлимга мос навлар ҳам яратиляпти, – дейди Жомбой туманидаги «Боғбон» агрокомплекси лабораторияси раҳбари Илёс Ҳайдаров. – Жумладан, испаниялик селекционерлар томонидан яратилган зайтуннинг «Орбикина» нави 22 даража совуққача чидамли бўлиб, асосан ёғ олиш учун ўстирилади.
Маълум бўлишича, 24 гектар майдонда жойлашган агрокомплексда лаборатория синовларидан ўтган турли хил кўчатлардан ерга мос келадиганлари, жумладан, зайтуннинг юқорида тилга олинган нави ҳам тавсия этилган. «Зайтун плантацияларини кўпайтириш лойиҳаси асосида агрокомплексимизда 100 минг тупдан ортиқ кўчат тайёрланди» дейди мутахассис. Жорий йилда агрокомплексда илк марта зайтун кўчатлари экилади.
2022 йилда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида 50 гектар майдонда «Орбикина» навидан Ўзбекистондаги биринчи зайтун плантацияси ташкил этилган. Ҳозирда Андижон, Фарғона, Наманган вилоятлари, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой, Бандихон, Қумқўрғон туманларида ҳам зайтун боғлари яратишга киришилган. Мутахассисларга кўра, гектарига 800 туп кўчат экилади зайтун рисоладагидек қаралганда, учинчи йилдан бошлаб 1 тонна ҳосил беради. Ундан эса 300 литр ёғ олиш мумкин. Ҳосилдорлик ўнинчи йилга бориб 3-4 баробаргача кўтарилиши таъкидланади.
Яна айтиш мумкин, ҳозирда агрокомплексда Европа давлатларидан келтирилган 40 га яқин ток навлари, АҚШдан олиб келинган пистанинг сувсизликка, шўр ерга чидамли, тез ҳосилга кирувчи нави парваришига киришилган. Шунингдек, «фундук» ёнғоқининг маҳаллий иқлимга мос навлари кўчатлари яқин кунларда Озарбайжон ва Туркиядан келтирилиши таъкидланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter