Самарқандда Осиё хотин-қизлари форуми бўлиб ўтади
Жорий йилнинг 13-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида «Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув» мавзусида Осиё хотин-қизлари форуми бўлиб ўтади.
«Дунё» ААнинг маълум қилишича, форумда Шарқий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё ва Марказий Осиё мамлакатлари парламентларининг аёл аъзолари, ҳукуматлари раҳбарлари, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, ишбилармон аёллар, сиёсатшунослар, ижтимоий соҳа фаоллари, олимлар, иқтисодиёт тармоқлари иштирок этади.
Таъкидланишича, форум 10 та параллель сессия доирасида ўтказилади. Иштирокчилар хотин-қизларнинг фан, таълим ва инновацион фаолиятдаги иштироки ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланиши, ҳозирги глобал иқтисодиётда аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш орқали камбағалликни камайтириш, тадбиркорлик, етакчилик ва инновацияларга жалб этиш масалаларини муҳокама қилади.
Шунингдек, «яшил» иқтисодиётни тарғиб қилиш, иқлим ўзгаришининг минтақадаги гендер муаммоларга таъсири масаласида ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг илғор тажрибаси ва инновацион ёндашувлари ҳам кўриб чиқилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter