Самарқандда IT-Парк филиали очилди (фото)

Ахборот технологиялари соҳасида истиқболли стартап-лойиҳаларни амалга ошириш, уларни ички ва ташқи бозорларга чиқариш, ёш дастурчилар тайёрлаш, соҳада янги иш ўринларини яратиш мақсадида бугун Самарқанд шаҳрида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IТ-Парк)нинг ҳудудий филиали замонавий инфратузилмага эга бинога ўз фаолиятини бошлади.
Бинони фойдаланишга топшириш бўйича ташкил этилган тантанали тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекось иштирок этди.
Мазкур объект Самарқанд шаҳрида Амир Темур кўчаси 44-уйда жойлашган 2 қаватли бинода жойлашган бўлиб, объектнинг умумий ер майдони 1 гектарга яқин, бино майдони 1 118 кв. м.ни ташкил этади.
IT-Паркда коворкинг, резидентлар ва стартапчилар учун офис жойлари, замонавий ўқув хоналари, робототехника, киберспорт, музокара ва учрашувлар хоналари (meeting room), конференц зал, интервью зона, кафе ва бошқа ёрдамчи хоналар энг сўнгги услубдаги дизайн ҳамда замон талаблари асосида ташкил этилган.
Бугунги кунда вилоятда 1 679,5 минг нафар ёшлар бўлиб, (7 ёшдан 30 ёшгача), уларни ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига йўналтириш бўйича охирги йилларда бир қатор самарали ишлар амалга оширилди.
IT-Парк Самарқанд ҳудудий филиали ҳам ёшларни мазкур соҳага қизиқтириш, соҳада фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларига бир қатор имтиёзларни берган ҳолда, уларнинг самарали фаолият олиб боришлари учун шарт-шароит ва имконият яратиб бериш орқали соҳада дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни экспортини йўлга қўйиш, янги лойиҳалар ва стартапларни ҳаётга тадбиқ этиш, иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштиришда бевосита иштирок этиш, вилоятнинг жами хизматлар ҳажмида АКТнинг улушини сезиларли ошириш асосий вазифа этиб белгилаб олинди.
Филиал вилоятда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида фаолият олиб бораётган юридик шахслар, олий таълим муассасалари, ҳозирда Самарқанд шаҳридаги 9-сон умумтаълим мактаби негизида ташкил этилаётган информатика ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган мактаб билан ҳамкорлик олиб боради.
Шунингдек, филиал қошида вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманларида ташкил этиладиган Рақамли технологиялар марказлари фаолият олиб боради. Ҳозирги кунда 6 та шаҳар ва туманларда мазкур марказлар ташкил этилди, жорий йил якунига яна 4 та шу каби марказлар ишга туширилади.
Филиал ташкил этилиши натижасида вилоятда 50 та янги IT корхоналар, 200 та янги иш ўринлари ва 100 дан ортиқ стартап лойиҳалар ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter