Самарқанд билан икки туман ўртасида электропоезд қатнови йўлга қўйилади
Президент Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни Самарқанд шаҳрида транспорт тизимини ривожлантириш бўйича режалар тақдимоти билан танишди.
Унда Пастдарғом ва Булунғур туманларини Самарқанд шаҳри билан боғлайдиган электропоезд қатновини йўлга қўйиш таклифи билдирилди.
Йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш режалари бўйича ҳам ахборот берилди. Бу йил Самарқанд шаҳрида 160 километр йўл таъмирланади, 5 та йўл ўтказгич қурилиши бошланади. 102 та янги бекат ташкил қилиниб, мавжудлари тартибга келтирилади.
Давлатимиз раҳбари йўллар қуриш ва таъмирлаш билан бирга уларни сифатли сақлаш ҳам зарурлигини таъкидлади.
– Биз кўп йўл қурдик, лекин унинг эксплуатацияси билан айтарли шуғулланилмади. Йўлларнинг баланси, фойдаланиш муддатининг таҳлили йўқ. Сарфланаётган маблағ мақсадли эмас. Баъзан йўл устига яна йўл қурилади. Шунинг учун қаерга йўл қуриш, қайсини таъмирлашни Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати айтиши керак. Чунки кўчалардаги тирбандлик, хавфсизлик шунга боғлиқ, – деди Шавкат Мирзиёев.
Тақдимотда Самарқанд вилояти махсус эксплуатация-монтаж бўлинмаси томонидан амалга ошириладиган ишлар ҳам кўриб чиқилди. Самарқанд шаҳридаги 49 та чорраҳада «транспорт оқимини рақамли бошқариш» тизими жорий этилиши, 140 та чорраҳага замонавий светофорлар ўрнатилиши, марказий кўчалар замонавий йўл белгилари билан жиҳозланиши қайд этилди. Натижада светофорда туриш вақти 31 фоизга, ҳаракат вақти 36 фоизга, ҳаракат тезлиги 17 фоизга яхшиланади.
Йўл қурувчи ташкилотлар ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларини ўқитиш, малакаси ва дунёқарашини ошириш, танлов асосида ишга олиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter