«Salam» мессенжери, «ГАП», Тошкент соғинчи» - Латвиядаги Вадим Павлов билан суҳбат
«Хориждаги ватандошлар»нинг бу галги қаҳрамони Латвияда IT-тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ҳамюртимиз Вадим Павлов.
Суҳбатдошимиз бакалавр босқичини Тошкент давлат техника университетида ўқиган. Магистратурани Ригадаги RISEBA университетида тамомлаган.
Ҳозир, «Chili Games SIA» ва бир нечта бизнес лойиҳаларни бошқариб келмоқда.
Оиламиз 1986 йил Тошкентга келган
1981 йил Латвияда туғилганман. Отам ҳарбий хизматчи, онам инглиз тили ўқитувчиси эди. Отам Афғонистонда хизмат қилган. Кейин, оиламиз 1986 йил Тошкентга келган. СССР парчаланганидан сўнг улар Ўзбекистонда қолиб фуқаролик олишган. Ўқувчилик йилларим Олой бозори яқинидаги 17-мактабда ўтган.
Болалигимни шартли равишда 2 даврга бўламан:
Биринчиси, СССР парчаланишидан олдин классик совет болалиги, яъни Арманистондаги зилзила қурбонлари ва Афғонистондаги урушдан жабрланган болаларга ёрдам бериш ишларидаги иштирок.
Иккинчиси, СССРнинг қулаши ва ўзгаришлар миллионлаб одамларга таъсир қилган давр. Ота-оналар барча жамғармаларини йўқотганди. Аммо, Россия ва Тожикистонда содир бўлаётган барча воқеалар фонида Ўзбекистон «хавфсиз бошпана» бўлиб чиқди, шунинг учун болалигимнинг қолган қисми нисбатан хотиржам ўтди – мен на миллатчилик, на жиноятчиликка дуч келмадим.
Танловда инглиз тилини яхши билиш ёрдам берган
Болалигимдан отам ва бобом каби ҳарбий бўлишни орзу қилардим. Бироқ, СССРнинг қулаши барча режаларни чалкаштириб юборди. Кунларнинг бирида отам «Қайси касб эгаси бўлишни хоҳлайсан?» деб сўраган. Жавобим «Қайси касб эканлиги муҳим эмас, мен жуда кўп пул топмоқчиман!» мазмунида янграган.
Ўша вақтда кўпчилик ҳуқуқшунос ёки иқтисодчи бўлишни хоҳлашарди. Шу боис, кўплар қатори Тошкент давлат шарқшунослик институти (ҳозир университет)нинг иқтисод факультетига ҳужжат топширдим. Афсуски, тўлов-контрактга кириш учун 0,5 балл етмади. Кейин, бир йил давомида яхши тайёргарлик кўрдим, натижада Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтига иккинчи энг юқори балл билан давлат гранти асосида талаба бўлдим.
Биринчи курсни тамомлаб, Тошкент давлат техника университетининг «Бизнес бошқаруви» факультети (ўша пайтда шундай номланган)га ўқишимни кўчирдим. Ушбу факултетга бошқа исталган институтнинг биринчи курсини тамомлагандан кейингина ўқишга кириш мумкин эди. У ҳам танлов асосида бўлган, танловда инглиз тилини яхши билишим ёрдам берган. Барча машғулотлар инглиз тилида, «Тинчлик корпуси» кўнгиллилари томонидан олиб борилган.
Энди асосий савол – олийгоҳда таълимнинг ижобий ва салбий томонларига тўхталаман. Агар сиз Гарвардни компьютер дастурчиси сифатида тамомламаган Билл Гейтс бўлсангиз, университетда таълим олишнинг салбий томонлари йўқ, лекин яхши томонлари кўп. Тўғри, тест-имтиҳонларидаги топширишингиз керак бўлган нарсаларнинг аксарияти ҳақиқий ҳаётда ҳеч қачон ёрдам бермайди. Аммо, олийгоҳ – сизнинг когнитив қобилиятингиз, аналитик фикрлаш ва муомала маданиятингизни ривожлантиради. Бу бизнесдаги муваффақиятнинг асосий омиллари.
Магистратурани тугатганимгача 4 та иш жойи ўзгартирганман
Университетни тамомлагач, Латвияга кўчиб ўтдим. Янги муҳитга мослашиш, керакли ҳужжатларни расмийлаштириш, тил курсларини ўташ учун вақт керак эди. Латвия тилини билмасдан янги мамлакатда яхши иш топиш қийин бўлишини тушунганман. Қолаверса, ўша вақт магистратурага кечиктирмасдан кириш учун энг қулай давр бўлган. Университетни танлаш эса, жуда оддий кечган. Ёдимда, газетада RISEBA университетининг магистратурасига қабул қилиш тўғрисидаги эълонга кўзим тушган, кейин ўқиш нархига аниқлик киритдим, улар имтиҳонсиз, фақат бакалавр дипломи асосида қабул қилишларини билдим. Таълим рус тилида олиб борилиши ва охирги аргумент уйдан 5 дақиқа масофада жойлашгани якуний қароримга туртки берган. Бошида ўз мутахассислигим бўйича иш топа олмаганим сабаб кун давомида спорт залида мураббий бўлиб ишладим, кечқурун дарс машғулотларига қатнашдим.
Тошкентдаги «Бизнес бошқаруви» йўналиши бўйича таълим туфайли Латвиядаги ўқув дастури қийинлик туғдирмаган. Аммо, магистратурани тугатганимгача 4 та иш жойини ўзгартириш тўғри келди. Айнан шу ҳақиқий ҳаёт мактаби бўлган.
«Salam» мессенжери яратдим
Очиғи, вазият тақазоси туфайли IТ соҳасига кириб қолдим. Бунгача 10 йил қурилиш материаллари савдосида ишлаганман, кейин эса савдо компаниясини бошқарганман ва бир муддат Нью-Йорк фонд биржасида акциялар савдоси билан ҳам шуғулланганман. Ўшанда, криптовалюталар ҳақида эшитдим ва у фонд бозоридан кўра кўпроқ жозибали кўринган.
Кейинроқ, IТ мутахассислари жамоасига блокчейн ва криптовалюталар бўйича мутахассис сифатида қўшилдим. Жамоани қайта йўналтиришга ва бизнес моделининг бир қисми сифатида ўз токенларини чиқариш, ўз блокчейнини яратиш ва криптовалюта биржаларини интеграциялаш билан боғлиқ IТ ечимларига муҳтож бўлган мижозларни топишга муваффақ бўлдим.
Қолаверса, жамоадаги ҳамкасбларимдан мобил иловаларни ишлаб чиқиш, UI (фойдаланувчи интерфейси) яратиш ва яратилган дастурий таъминотни синовдан ўтказиш бўйича тажрибаларини ўзлаштирдим.
Ўзимнинг мессенжеримга келсак, Ўзбекистонда 15 йиллик яшашим мени унинг негизида мусулмонлар учун зарур бўлган функциялар – Қуръон ва қибла компаси, масжид ва уни кўрсатадиган мессенжер яратиш ғоясига олиб келди. Иловада фойдаланувчига харита орқали энг яқин ҳалол озиқ-овқат жойлари, мусулмон байрамлари тақвими, намоз жадваллари ва бошқа барча алоқа платформаларида умуман мавжуд бўлмаган бошқа функциялар бор эди. Шу ташаббус билан Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчихонасига мурожаат қилдим. Талабга биноан улар лойиҳанинг батафсил тавсифини сўрашди. Манфаатдор шахсларга намойиш қилиш учун прототип мессенжер яратилди, унга «Salam» номи берилди. Афсуски, ишлар музокаралардан нарига ўтмади, шунинг учун «Salam» мессенжер ҳали ҳам фақат мен ва ушбу лойиҳадаги ҳамкасбларимнинг телефонида ўрнатилган дастурлигича қолмоқда.
Латвияда бизнес муҳити
Тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, омон қолиш учун – Латвияда бизнес халқаро даражада бўлиши керак.
Айни пайтда дастурлашдан ташқари озиқ-овқат маҳсулотлари бизнеси билан ҳам шуғулланаман. Ички бозор шунчалик кичикки, фақат ички бозорда ишлайдиган жиддий бизнес даражаси ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ. Иккала ҳолатда ҳам сиз чет элда мижозларни излашингиз лозим. Энг катта муаммо таклиф этилаётган маҳсулот ва хизматларнинг рентабеллигини сақлаб қолиш. Мавжуд муҳит доимо корхоналардан янги ечимларни излашни талаб қилади.
IТ-соҳасида асосий муаммолар россиялик мижозларнинг йўқолиши ва рус дастурчиларининг хизматларига ҳақ тўлаш муаммолари билан боғлиқ.
Ишлаб чиқариш соҳасида эса, энергия ташувчилар ҳамда асосий хом ашё – нефт, крахмал ва бошқалар нархларининг доимий ўсиши. Сотишнинг рентабеллигини сақлаб қолиш учун сиз доимий равишда нархларни оширишингиз зарур. «Алиса мўъжизалар мамлакати»да бўлгани каби, ўз ўрнингизда қолиш учун имкон қадар тез югуришингиз талаб қилинади.
Ўзбек туғилишиданоқ тадбиркор учун зарур фазилатларга эга
Дарҳақиқат, бизнесда таваккалчилик кўп. Натижада, муваффақиятсизлик тез-тез содир бўлади. Муаммоларни ҳал қилишда ҳар ким турлича ёндашувга эга.
Фикримча, энг муҳими, ишонишингиз мумкин бўлган ва сизга ишонадиган профессионаллар жамоаси. Сиз шунчаки бу одамларни бир жойга тўплашингиз ва уларга энг яхшисини қилиш имкониятини яратишингиз керак. Ўзбекнинг яхши анъанаси бор – «ГАП». Шундай қилиб, ҳамкасблар билан ҳафталик «ГАП» долзарб муаммоларни ҳал қилишда катта ёрдам беради (кулади).
Саволнинг иккинчи қисмига тўхталадиган бўлсам, назаримда, ҳар қандай ўзбек туғилишиданоқ тадбиркор учун зарур бўлган кўплаб фазилатларга эга бўлади – бу ҳеч бўлмаганда савдолашиш ва бу музокаралар олиб бориш қобилиятига арзийди!
Бу фазилатларга мен энг муҳим нарсани қўшган бўлардим – ҳеч қачон таслим бўлмаслик, ҳеч қачон ўрганишни тўхтатмаслик ва доимо янги имкониятларни қидириш.
Қизиқарли ғоялар ва кенгроқ уфқларга эга бўласиз
Биласизми, мен асосан бизнесга мутлақо алоқаси бўлмаган китобларни ўқийман ва фильмларни кўраман. Ўйлашимча, фақат бизнесга эътибор қаратиш эмас, балки бошқа нарсага қизиқиш ҳам муҳимдир. Шунда, сиз янада қизиқарли ғоялар ва кенгроқ уфқларга эга бўласиз. Масалан, тарих, астрономия ва антропологияга оид китобларни ўқишни яхши кўраман. Яқинда, мен ДНКда неандертал геномининг неча фоизи борлигини билиш учун ДНК-тестини ҳам ўтказдим.
Ҳали ҳам бўш вақтларини бизнес адабиётлари билан ўтказишни хоҳлайдиганлар учун Нассим Талебнинг «Антифражил» китобини тавсия қиламан.
Фильмларга келадиган бўлсак, ҳозир яхшилари жуда кам. Шунинг учун, вақтим бўлганда болалик ёки ўсмирлик даврида кўрганларимни қайта томоша қиламан. Хусусан, классик ўзбек киноларидан «Ёр-ёр» ва «Водиллик келин» кабиларни кўп марта кўриб чиққанман.
Ўзбекистонлик ҳамкасбларимга ҳавас қиламан
Очиғи, яхши маънода ўзбекистонлик ҳамкасбларимга ҳавас қиламан, чунки мен мамлакатда IT-бизнесни ривожлантириш истиқболларини Латвияга қараганда анча кўпроқ кўраман. Боиси, ҳали қилинадиган ишлар кўп. Хусусан, Ўзбекистон мобил иловалар жорий этиш бўйича улкан бозор.
«Барча эшикларни тақиллатинг»
Муваффақиятли карьера қилмоқчи бўлганларга айта оламанки, имкониятларингиздан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қилинг. Ўзингизни бирон бир соҳа билан чекламанг. Бошқача қилиб айтганда - «барча эшикларни тақиллатинг». Инвесторлар ушбу портфелни диверсификация деб аташади. Ҳаётда у шундай ишлайдики, бир соҳада қийинчиликларни бошдан кечириб, бошқа соҳада йўқотишларни қоплашингиз мумкин. Иш ёки бизнесни ўзгартирсангиз ҳам, кўприкларни ёқманг! У ерда олинган тажриба ва алоқалар келажакда ҳар доим фойдали бўлади.
Режаларимга келсак, агар мени қизиқарли бизнес лойиҳа олиб борса, мамнуният билан Ўзбекистонга бораман. Келаси йили Латвияга кўчиб келганимга 20 йил бўлади, лекин ҳали ҳам Тошкентдаги ҳаётни қумсайман. Айниқса, у ердаги дўстларим, дунёдаги энг мазали ошхона ва қуёшли иқлимни жуда соғиндим.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter