Сакура – ёввойи олча гули нима учун Японияда алоҳида қадриятга айланган?
Кўпгина мамлакатларда турли хил дарахтлар ва буталар миллий рамздир: Ўзбекистонда чинор, Россияда қайин, Ливанда садр, Японияда эса сакура. Сакура ёввойи япон гилос дарахтининг гули. Япония аҳолиси сакура гулларини турли тушунчалар ва ғоялар билан боғлайди. Бир қарашда ўзимизнинг олча ва гилосдек гуллайдиган сакура гуллашини японлар нима учун алоҳида тайёргарлик билан кутиб олишади?
Дарахт февраль – апрель ойларида гуллайди, бу баҳорги тенг кунлик кунларига тўғри келади, турли диний байрамлар мавсуми. Бу шунингдек, деҳқонлар асосий озиқ-овқат манбаи бўлган шоли экиш вақтига тўғри келади. Шуни ҳисобга олсак, сакура омад, фаровонлик ва мўл ҳосил рамзидир.
1873 йилгача Японияда янги йил бошланиши баҳорда, япон гилосининг гуллаш даврида нишонланган. Худди Наврўз байрамимизнинг нишонланиши дарахтларнинг куртак чиқариши, бойчечак очилиши билан боғлиқ бўлганидек, япон халқининг сакурага бўлган иштиёқи Ханами – Сакура томошаси байрамида ўз ифодасини топган.
Сакурага ҳайратланиш маросими нафақат гуллайдиган дарахтлар остидаги «йиғилишлар», балки шаҳар кўчалари бўйлаб сайр қилишни ҳам англатади. Энг машҳур Ханами 1598 йилда бўлиб ўтган.
Японияда 300 дан ортиқ турдаги дарахтлар шаҳар ва жамоат боғларида ўсади. Улардан фақат 10 турдагиси табиий, қолганлари эса селекционерлар томонидан етиштирилган.
Ханами байрами япон маданиятига шу қадар чуқур кириб борганки, унинг бошланиши ҳақида телевидение, ОАВ орқали хабар қилинади. Япониянинг ҳар бир фуқароси оқ ва пушти гулларга ҳайратланишни ўзининг бурчи деб билади. Улар байрамга олдиндан тайёргарлик кўришни бошлайдилар. Баъзи японлар ҳатто ўз таътилларини олча гуллаш мавсуми атрофида режалаштиришади.
Мамлакат жанубдан шимолга қадар Ер меридиани бўйлаб жойлашган бир нечта ороллардан иборат бўлгани сабабли, мамлакатнинг турли минтақаларида иқлим бироз бошқача. Шунинг учун дарахтларнинг гуллаши бир вақтнинг ўзида содир бўлмайди. Биринчи сакура гуллари февраль ойининг охирида, Кюшу оролининг жанубида пайдо бўлади ва фақат май ойининг ўрталарида «гуллаш тўлқини» Хоккайдонинг шимолий ҳудудларида жойлашган боғларга етиб боради.
Сакура томошаси байрами безаклари қоронғуда ўзгача жозибага эга бўлади. Шаҳар кўчаларида неон ёзувлар ва ёрқин чироқлар ёнади, боғ ва истироҳат боғларида қоғоз чироқлар осилади, декоратив ёритгичлар ўрнатилади. Кўпгина японлар қирғоқлари гулли дарахтлар ва гулбарглар билан ўралган кўллар, дарёлар бўйлаб қайиқда саёҳат қилишни афзал кўришади.
Энг гавжум майдонлар, кўчаларда томошалар, концертлар уюштирилади, ярмаркалар ўтказилади. Ёввойи гилоснинг гуллаш даври икки ҳафтадан ортиқ давом этмайди. Айнан шу вақтда сайёҳлик мавсуми энг юқори чўққига чиқади. Бутун дунёдан сайёҳлар ушбу ажойиб анъанага қўшилиш ва гўзал томошадан ҳайратланиш учун оролларга боришга ҳаракат қилишади. Ханами байрамига келган сайёҳлар оқими йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Гуллар ва декоратив гилос шохлари машҳур япон рассомларининг кўплаб расмларида асосий «белгилар»дир. Улар ҳақида шоирлар куйлайди, қўшиқлар ёзилади. Бугунги кунда, Ханами мавсумида дўконлар жуда қисқа умр кўрадиган янги гуллар ва сунъий гуллар билан безатилган. Кафеларнинг пештахталари ва деразаларида фақат шу вақтда тайёрланиши мумкин бўлган ичимликлар ва идишлар пайдо бўлади: тузланган барглар қўшилган «сакура чойи», тузланган сакура баргларига ўралган «сакура пироги». Қуёш чиқиши мамлакатидаги ушбу байрам нафақат ўзининг тасаввур қилиб бўлмайдиган ва сеҳрли гўзаллиги, балки жуда оддий сабабларга кўра ҳам севилади. Ўша куни японлар мазали овқатларни тановвул қилиш ва дўстлар билан суҳбатлашиш учун шунчаки баҳона излаётганга ўхшашади. Ушбу байрам учун махсус таом йўқ, лекин дўконлар пул ишлаш имкониятини қўлдан бой беришмайди
Дунёнинг кўплаб мамлакатларида парклар ва майдонларда сакура билан қопланган бутун хиёбонларни топишингиз мумкин. Ва Вашингтонда 1912 йилдан бошлаб, улар ўзларининг «Ханами»ни – олча гуллари фестивалини нишонлашади.
Аммо сакурадан ҳайратланиш учун Японияга боришингиз шарт эмас. Сиз сакурани ўзингизнинг боғингизда етиштиришингиз мумкин, чунки бу гўзал дарахтнинг баъзи турлари мамлакатимизда ҳам ўсади. Масалан бизда эрта баҳор гуллайдиган олча, гилос, ўрик, бодом гуллари сакуранинг гулига жуда ўхшаш. Демак бизнинг юртимизда ҳам ҳадемай ўрик, олча, гилос гуллайди ва худди японлардек биз ҳам ўз «сакура»ларимиздан истаганимизча завқ олишимиз мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter