Саидафзал Қулмаматов: «Ҳаётга доим янгича ижодий назар билан боқиш керак»
Ахборот технологиялари чеклов ва тўхтов нима эканлигини буткул унутиб қўйди. Биз бугун ўрганаётган ва фойдаланаётган технологияларимиз эртага эскириб қолмоқда. Дастурлар хилма-хиллиги эса кундан-кунга ортиб боряпти. Кўпчилик ахборот технологиялари дейилганда маълум технологияни ёки компютерда терилган қандайдир кодлар кетма-кетлигидан ташкил топган дастурлар мажмуасини тушунади. Ҳа, бу бир томондан қараганда тўғри. Аммо, ахборот технологияларининг янада кўплаб биз унчалик эътибор бермайдиган имкониятлари борки, ундан баъзи бир инсонларгина фойдалана олади.
Бугунги суҳбатдошимиз айнан АТ-соҳасида таҳсил олаётган, унинг имкониятларидан унумли фойдаланаётган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг изланувчан ва ижодкор талабаларидан бир Саидафзал Қулмаматовдир.
— Саидафзал, университетда таҳсил олиш мобайнида фотографлик билан ҳам шуғулланиб келяпсиз. Айтингчи, таълим ва ижодкорлик бир-бирига боғлиқми?
— Ҳа, албатта. Сабаби таълимда, энг аввало, мутолаа, билим олиш тушунилса, ижодкорлик ўша билимларни амалда қўллаган ҳолда иқтидорни намойиш қилишдир. Қанча кўп билиминг бўлса, яъни китоб мутолаа қилсанг, шунча кўп креативлик (яратувчанлик) ошиб боради. Дунёқарашимиз, оламни ва одамни тасаввур этишимиз, нафақат ботинда, балки зоҳиримизда ҳам намоён бўла бошлайди. Шу сабаб таълим ва ижодкорлик бир-бирига боғлиқ, деб биламан.
— ТАТУда кўп ёшлар дастурчи бўлишни хоҳлайди, сиз эса...
— Бунга қизиқишим ёшлигимдан бошланган, оилавий ўтиришларимиз, турли хил тадбирлар менсиз ўтмасди. Чунки ҳаётимизнинг ҳар бир лаҳзасини муҳрлаб боришни яхши кўраман. Дадам ҳам ижодкор инсон, креативлик ва ижодга қизиқишим шундан бўлса керак.
Талабалик барча орзуларим ушалишига сабабчи бўлган, десам муболаға бўлмайди. Сабаби ўқишга кирганимдан сўнг университетимизнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасини юритиш менга топширилди. Бу катта ишонч эди. Шу вақт орасида университетимизнинг ижодкор ёшларидан ташкил топган BеCrеатivе жамоаси билан танишдим (бу жамоа бугунги кунда INTV номи остида юртимиздаги илк интернет-телеканал сифатида фаолият юритиб келмоқда). Бу лойиҳа ўзимни кашф қилишимга янада катта имконият яратиб берди. Ушбу жамоа лойиҳасида суратга олиш ишларини ўрганиш билан бир қаторда, ўз устимда ҳам ишлаб боряпман. Ҳа, албатта, атрофимда дастурлашни мукаммал ўзлаштирган курсдошларим бор, ҳатто, олимпиада ғолиблари билан таҳсил оламан. Бу қандайдир маънода умумийлик! Улардан ажралиб турадиган жиҳатим бўлишини хоҳлайман ва бунинг учун доим изланаман.
— Асосан қайси мавзуларда сурат оласиз ва олишни хоҳлайсиз?
— Портрет жанридаги суратлар ишлашни, фоторепортажлар тайёрлашни ёқтираман. Шу билан бирга, филмларга постерлар яратишга қизиқишим баланд. Одамларнинг ички дунёсини кўзида, юзида акс эттириш жуда мароқли! Бу менга илҳом бағишлайди! Одамларни ўзлари билмаган ҳолда суратга олишни ёқтираман ва бу одатда оддийликдан гўзал ҳиссиётларни яратади. Орзуимга келадиган бўлсак, у жуда ҳам кўп. Шулардан бири — дунё бўйлаб саёҳат қилиб, турли ирқдаги одамларни суратга муҳрлаш.
— Сураткашликнинг ҳам қийинчиликлари бўлса керак?
— Албатта, ҳар ишнинг ўзига яраша қийинчиликлари, осон томонлари бўлади. Шу билан бирга фотографликнинг ҳам. Бир куни тонг отишининг ҳар бир сониясини суратга олиш истаги билан Чимён тоғларига бордим, ёз бўлишига қарамай ҳаво совуқ ва керакли ракурсни танлаш қийин бўлган, лекин ўша куни мақсадимга эришиб уйга қайтгандим (севиниб суратларни кўрсатди).
— Сураткашлик билан ҳам яхшигина даромад қилса бўлади. Айниқса, жаҳоннинг шунга ихтисослашган интернет бозорлари бор.
— Ҳа, албатта, бу соҳада яхшигина даромад топиш мумкин. Ҳозир ҳар бир соҳада ахборот технологиялари иштирок этмоқда. Бу билан шуни айтмоқчиманки, суратларни ҳозирда интернетда ҳам сотишимиз, харид қилишимиз мумкин. Бунга мисол қилиб EyeEm.com, shutterstock.com ва бошқа айнан суратлар сотадиган интернет дўконларини мисол қилишим мумкин. Ўзим ҳам бир неча маротаба ушбу интернет дўконларига ишларимни жойламоқчи бўлганман. Аммо, уларнинг ҳам ўзига яраша стандартлари бор. Шу сабаб ишларим қабул қилинмаган. Ҳозир шуни ўрганиш жараёнидаман. Юқорида қайд этиб ўтган сайтлар мутлақо хавфсиз ва хизматлари лицензияланган. Бу дегани яхши суратлар олсангиз, ҳам ўз муваффақиятларингизни таъминлайсиз, ҳам яхшигина даромад қилиб оласиз. Бунинг учун компютер графикаси имкониятларидан унумли фойдалана олсак бас!
— Интернет-дўконда қайси мавзулардаги суратларни тарғибот қилган бўлардингиз?
— Тарихий, яъни миллий тарихимиз акс этган суратларни тарғиб қилишни истайман.
— Билишимизча, чет эл сафарида бўлиб келгансиз. Шу ҳақида ҳам бироз тўхталиб ўтгансиз.
— Университетимиз кўплаб чет эл университетлари, ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади. Буларга KOICAни мисол қилиб ўтмоқчиман. Ҳар ёзги таътилда Корея ва Хитойдан кўплаб волонтёрлар келади, мен улар билан кўп бор ўзаро билимлар алмашганман. Университетимиз Хитойнинг йирик компанияларидан бири HUAWEI билан ҳамкорликни йўлга қўйгач, компания томонидан малака алмашиш учун талабалар сараланди ва мен ҳам шу саралашдан ўтдим. Хитой Халқ Республикасининг Шенжен ва Пекин шаҳрига «Келажак ниҳоллари» (Seeds for the future) танловига малака алмашишга бордим. У ерда жуда кўп нарсаларни ўргандим. Барибир жаҳон тажрибаларини ўрганиш, айниқса, ўз кўзинг билан кўриш бошқача!
— Бугун барча соҳа вакилларида «Time managment» тушунчаси ошиб бормоқда, сиз ҳам бунга амал қиласизми?
— Вақтни жуда қадрлайман, ҳар бир ҳафтамни олдиндан режалаштираман ва уни бузмасликка ҳаракат қиламан. Чунки бир кунингизни режалаштирмаган ишга бағишладингизми қолган ишингиз кейинга қолади. Ҳаракатлар янги ғояларни вужудга келтиради дейишади-ку! Шунинг учун ҳам доим ҳаракатда ва ҳар доим нимадир янгилик қилишни истайман. Хоҳ у ахборот технологиялари соҳасида бўлсин, хоҳ яқинларим даврасида...
— Қандай одатларни ёмон кўрасиз?
— Дангасаликни... Чунки дангаса инсон доимо ишлари юришмаса бировлардан айб қидиради. Доимо негатив фикрларни ўйлайди. Атрофимда шунақа инсонлар бўлишини, умуман, тенгқурларимнинг бирортаси дангаса бўлишини хоҳламайман.
— Тенгқурларингизга айтар сўзингиз?
— Кўпроқ китоб ўқишларини тавсия қиламан. Доимо излансак, ҳар бир кунимизда ниманидир яратишга ҳаракат қилсак, юртимизнинг ҳам илмий, ҳам ишлаб чиқаришдаги салоҳияти ошиб боради. Ўз иқтидоримизни меҳнатларимиз орқали юзага чиқаришимиз керак. Ҳаётга доим янгича ижодий назар билан боқиш керак. Шунда янгидан-янги ғоялар, имкониятлар вужудга келади. Америкалик психолог, ёзувчи Роберт Кийосакининг бир китобида шундай жумлалар бор: Одамлар бор — ниманидир содир бўлишига сабабчи бўлади. Одамлар бор — нима бўлаётганини томоша қилади ва ниҳоят «Нима бўлди?» деб сўрайдилар. Биз айни ниманидир содир қилиш остонасида турибмиз. Бунинг учун эса ҳамма имконият ва шароитлар мавжуд.
Ғуломжон НАЗАРОВ суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter