Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шимолий Корея Россияга баллистик ракеталар юборган бўлиши мумкин

Шимолий Корея Россияга баллистик ракеталар юборган бўлиши мумкин

Фото: REUTERS

Шимолий Корея Украинага қарши урушда фойдаланиш учун Россияга артиллерия снарядларидан ташқари бир неча турдаги ракеталарни тақдим этган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Associated Press Жанубий Корея ҳарбийларига таяниб хабар берган.

Манба Россия армияси КХДРдан қисқа масофага учувчи баллистик ракеталар, танкга қарши ракеталар ва одам томонидан кўчма зенит-ракеталар, шунингдек, милтиқлар, ракеталар, миномётлар ва снарядларни олиши мумкинлигини, бироқ уларнинг аниқ миқдори номаълумлигини таъкидлаган.

Шимолий Корея АҚШ билан муносабатлари таранглигича қолаётгани ва пандемия туфайли юзага келган ички қийинчиликлар шароитида Россия ва Хитой билан ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда. КХДР иқтисодий муаммоларни бошдан кечираётгани хорижий мамлакатлардаги қатор дипломатик ваколатхоналарини ёпаётганида ҳам яққол кўринади, дея қайд этади AP.

Бир миллиондан ортиқ артиллерия ўқлари

Бир кун аввал Bloomberg Жанубий Корея разведкасига иқтибос келтирган ҳолда Шимолий Корея Россияга бир миллиондан ортиқ артиллерия снарядларини юборганини, катта эҳтимол билан Россия армияси Украинага қарши урушда улардан фойдаланаётгани ҳақида хабар берганди.

Bloomberg КХДРда Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган қуролларга мос келадиган снарядлар ва ракеталар бўйича дунёдаги энг йирик арсеналлардан бирига эга эканлигини таъкидлайди. Агентлик ҳисоб-китобларига кўра, ушбу ўқ-дориларни Россияга етказиб бериш мамлакат бюджетига юзлаб миллион ва ҳатто миллиардлаб доллар олиб келиши мумкин.

Минглаб ўқ-дорилар контейнерлари

Октябр ойи бошида Beyond Parallel таҳлилий лойиҳаси сунъий йўлдош тасвирларига таяниб, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг Россия Федерациясига ташрифидан кейин икки давлат ўртасида юк ташиш ҳажми кескин ошгани ҳақида хабар берган эди. АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби ҳам сентябр бошидан бери Шимолий Корея Россияга 1000 дан ортиқ контейнер ҳарбий техника ва ўқ-дорилар жўнатганини айтганди.

Шундан сўнг АҚШ, Япония ва Жанубий Корея КХДРнинг Россияга ҳарбий техника ва ўқ-дорилар етказиб беришини кескин қоралаб, бундай юклар “Россиянинг босқинчилик уруши қурбонлари сонини сезиларли даражада ошириши”ни билдиришганди. Бироқ Москва ва Пхенян бу айбловларни рад этиб, бу борадаги иддаолар асоссиз эканини таъкидлаганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг