Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Роликдаги Амир Темур образи «бадиий тўқима» бўлиши мумкинлиги айтилди

Роликдаги Амир Темур образи «бадиий тўқима» бўлиши мумкинлиги айтилди

Фото: Xabar.uz

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хорижлик видеоблогерлар томонидан суратга олинган видеоролик бўйича муносабат бераркан, одамларни жалб қилиш мақсадида Амир Темур образи «бадиий тўқима» сифатида қўлланилган бўлиши мумкинлигини айтган.

«Вазирлик видеоролик аввалида соҳибқирон Амир Темур ҳақида айтилган фикрларга хайриҳоҳ эмас. Шундай бўлса-да, қайд этиш жоизки, видеороликларда томошабиннинг эътиборини жалб қилиш учун ҳам «бадиий тўқима» қўлланилган бўлиши мумкин, бу аудиторияни жалб қилиш мақсадида тез-тез ишлатиладиган услубдир. Видеороликнинг ўзини умумий оладиган бўлсак, бу каби видеолар мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилишда ижобий хизмат қилади», дейилади муносабатда.

Вазирлик ролик бўйича саволлар туғилса, матбуот хизматига ёки ролик ижодкорларига мурожаат қилишни сўраган. Қўшимча тарзида сайёҳликни тарғиб қилишдаги ҳар қандай ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирилган.

Лекин бир қанча саволлар очиқ қолмоқда. Жумладан, ролик мазмуни Ўзбекистондаги соҳага оид мутасаддилар билан нега келишилмаган? Туризм вазирлиги туристик салоҳиятни салбий маънода тарғиб қилишдан манфаатдор бўлмаса керак? Муносабатда бу саволлар очиқ қолган, чунки роликни вазирлик ўз расмий саҳифасида ҳам жойлаганди.

Шунингдек, аудиторияни жалб қилиш учун, вазирлик айтганидек, «бадиий тўқима»дан фойдаланилган бўлса, дунё аҳли учун Амир Темур қонхўр босқинчи, ўзбеклар учун эса буюк соҳибқирон бўлиб қолаверадими?

Умуман, муносабат тахминларга асосланиб ёзилган, вазирлик ўзи ҳам ролик мазмунидан бехабар бўла туриб уни саҳифасига жойлаган бўлиб чиқяпти. Туризмга жавобгар сифатида ролик ижодкорлари билан боғланиб, унинг мазмунини ўзгартириш, «бадиий тўқима» эмас, ҳақиқатда мавжуд тарихий шахс сифатида тўғрилаш бўйича музокаралар ўтказиш тавсия қилинади.

Аудиторияни Амир Темурни «бадиий тўқима»га айлантирмасдан, уни ёмонламасдан туриб ҳам жалб қилиш мумкин. Иккинчи жаҳон урушидаги афсонани эса соҳибқиронни «қонхўр»га чиқармасдан туриб ҳам қўллаш мумкин эди.

Эслатиб ўтамиз, бир қатор хорижий видеоблогерлар Ўзбекистон ҳақида бадиий видеоролик тайёрлаб, Амир Темурни қонхўр босқинчи деб таърифлашганди. Ролик Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида суратга олинган. Унда Ҳолливуднинг таниқли киноқаҳрамонлари янгича талқинда гавдалантирилган: Индиана Жонс, Лара Крофт ва номаълум (Натан Дрейк). Улар қабр ва хазиналарга қизиқадиган қадимшунос кино образларидир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг