Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Регистонда сайёҳларга ёпинчиқ таклиф қилинмоқда (фото)

Регистонда сайёҳларга ёпинчиқ таклиф қилинмоқда (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Самарқанддаги тарихий меъморий обидаларда сайёҳлар учун ёпинчиқ ва рўмоллар бериб туриш хизмати жорий қилинди. Жумладан, Регистон ансамблида, Тиллакори мадрасаси таркибидаги масжидга кираверишда калта ёки елкалари очиқ-сочиқ сайёҳларга фойдаланиб туриш учун миллий матолардан тикилган халат ва рўмоллар таклиф қилинмоқда.

–  Бу дунё миқёсида қўлланилган усул, – дейди Регистон ансамбли директори ўринбосари Азамат Самадов. –  Дейлик, Туркиянинг муқаддас даргоҳларига ҳар қандай сайёҳ очиқ-сочиқ кийимда кириши мумкин эмас. Бизда бу тажриба шу йилдан қўлланила бошланди. Қадриятларимизга бўлган ҳурмат бажо этилиши деб тушунтирилганда хорижий меҳмонларимиз буни тўғри қабул қилишяпти.  

Азаматнинг айтишича, бу мажбурий характерда эмас. Ҳозирча, меҳмонларни ана шу муносабатга мослаштириш назарда тутилган. Регистон ансамблининг масжиддан ташқари бошқа ҳудудларида сайёҳлар истаган кийимларида юришлари мумкинлиги таъкидланади.

– Сайёҳлар сони ортиб бораяпти, – дея сўзини давом эттиради Азамат Самадов. – Хорижлик ёки маҳаллий сайёҳлар бўлсин, уларнинг кўнглига озор беришга ҳаққимиз йўқ. Тадбир мукаммал тус олгунча вақт керак бўлади.

Маълум бўлишича, фойдаланилган ҳар бир буюм албатта тозаланишга топширилади. Шу мақсадда вақтинчага, текинга  бериладиган кийим-кечак пахтали матодан тикилган. Баъзан меҳмонлар растадан шундай кийимларни бирйўла янгисини харид қилиши ҳам кузатилади. Нижний Новгороддан келган Ксения ва Екатерина эгнидаги ёрқин рангли кийимларини эсдалик учун олиб кетишларидан хурсанд.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг