Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Расман: 1 мартдан очиқ ҳавода ниқоб тақмасликка рухсат берилди — ССВ

Расман: 1 мартдан очиқ ҳавода ниқоб тақмасликка рухсат берилди — ССВ

Фото: «Xabar.uz»

Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаяётгани боис аввал жорий этилган муайян чекловларни олиб ташлаш масалалари кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Сўнгги кунларда январь ойига нисбатан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган махсус 1 ва 2-сон Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарига беморлар госпитализацияси 7 бараварга камайган.

2022 йил январь ойида «103» тез тиббий ёрдам хизматига кунлик чақириқлар сони республика бўйича 34 мингта бўлган бўлса, ушбу кўрсаткич охирги кунларда 20 мингтани ташкил этмоқда. Яъни, деярли 1,5 баробарга камайди.

Бугунги кунда касалликнинг тарқалганлик даражаси 0,4 ни ташкил этмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари хулосасига кўра, бу кўрсаткич 1,0 гача бўлса, вазият барқарорлигини англатади.

Хорижий оммавий ахборот воситаларининг тарқатаётган хабарларига кўра, бугунги кунда аксарият мамлакатлар коронавирус инфекциясини эндемик касаллик сифатида тан олиб, асосий чекловларни, ҳатто ниқоб тақиш тартиби ва COVID-19 паспортларини бекор қилиш ниятида эканини маълум қилмоқда.

Шу билан бирга, Европа давлатлари аҳолини эмлаш жараёнини кучайтиришни таклиф этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, COVID-19 га қарши эмлаш тадбирлари учун олиб келинган ва маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган вакциналар сони 53,7 млн. дозани (7 турдаги) ташкил этмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда 18,1 млн. доза вакцина ишлаб чиқарилди.

Юқоридаги маълумотлардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб фуқароларнинг очиқ ҳавода ниқоб тақмаслигига рухсат берилди.

Шунингдек, эпидемик вазиятдан келиб чиққан ҳолда фуқароларнинг ижтимоий масофасини таъминлаш қийин бўлган жойларда:

  • жамоат транспортида,
  • йирик савдо дўконларида,
  • таълим муассасаларида,
  • давлат ва нодавлат идораларида,
  • масжидлар, театр, кинотеатр, музей, санъат саройлари, маиший хизмат кўрсатиш муассасалари ва бошқа одамлар гавжум жойларда ниқоб тақиш тавсия этилди.

Соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббиёт ходимларининг, улар коронавирус билан касалланганлар билан алоқада бўлишидан қатъи назар, ниқоб тақиши талаби сақлаб қолинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг