Рақамли маркировка тизими «қора» техникага қарши курашади
Мамлакатимизда маиший техника воситаларига бўлган талаб катта. Натижада машҳур брендлар билан бир қаторда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам аҳолига кундалик ҳаётда зарур бўлиб қолган сифатли товарларни таклиф қилишяпти. Дўконларда Bosch, Samsung, Indesit, LG каби машҳур ишлаб чиқарувчилар билан бир қаторда Artel, PREMIER, Shivaki, Foton каби маҳаллий компанияларда тайёрланган телевизорларни, музлаткичларни, миксер, чангюткич ва шу каби кундалик ёрдамчиларимизга айланиб улгурган товарларни кўришимиз мумкин.
Муҳими – маҳсулот ҳақиқий, ишлаб чиқарувчиси аниқ, сифати кафолатланган. Аммо бозорларда нотаниш компанияларнинг маҳсулотлари ҳам анча арзон нархда учраб қолади. Харидор нархига учиб, арзонроқ таклифни танлаши мумкин, албатта! Лекин бу контрафакт маҳсулот эканини билмаслиги эҳтимоли катта. Натижада сифати кафолатланмаган товар тез орада бузилиб қолса, жавобгарликни ҳеч ким бўйнига олмайди! Алданган харидор «тешик тоғора» олдида қолиб кетаверади.
Маиший техника воситаларининг контрафакти – бу глобал муаммо. Сабаби талаб юқори ҳисобланган бу сегментни қалбакилаштиришга ва ноқонуний олиб кириб, муомалага киритишга уринаётган сохта «ишбилармонлар» йўқ эмас. Мисол учун, яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан «Чуқурсой» божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда хориждан юк контейнерида келтирилган товарлар божхона кўригидан ўтказилди. Кўрик давомида темир йўл контейнерида кириб келган товарларнинг божхона тўловлари товарларнинг ҳар бир донасига ҳисоблансада, ҳужжатларда миқдори қайд этилмаганлиги аниқланди. Натижада, 5 млрд. 344 млн. сўмлик 23 800 дона маиший техника товарлари ҳолатга аниқлик киритилгунга қадар вақтинча сақловга олинди.
Бу нима дегани? Демак қарийиб 24 минг дона фен, дазмол, соч дазмоллари ва бошқа товарлар ички бозоримизга ноқонуний йўл билан муомалага кириши мумкин эди. Зарар – биринчи навбатда харидорга, ва албатта – давлат бюджетига, чунки ҳужжатда кўрсатилган ҳар бир дона маҳсулот учун белгиланган тартибда тўлов амалга оширилади.
Албатта ишлаб чиқарувчилар ҳам бундан зиён кўради. Чунки контрафакт маҳсулот уларнинг брендлари остида сохталаштирилган бўлса, харидор компанияга бўлган ишончини йўқотади. Натижада соғлом рақобатга путур етади, асл маҳсулотга бўлган ишонч йўқолади.
Айнан рақамли маркировка тизими масалага ечим бўла олади. «Asl Belgisi» номи остида тадбиқ этилаётган янги тизим ҳамма учун фойда келтириши аниқ. Унинг натижасида ишлаб чиқарувчилар даромадларини ўсиши ва «оқ бизнесни» рақобатбардошлилигини оширишлари, ҳар бир маҳсулот ҳаракати тўғрисидаги маълумотга эга бўлишлари ва жараёнларни оптималлаштиришлари мумкин бўлади. Истеъмолчилар – қонуний ва сифатли товарларни сотиб олишга ишонч ҳосил қилишади, ҳаётлари ва бюджетларини муҳофаза қилишлари ва «Asl Belgisi» мобил илова орқали ҳақиқий маҳсулотни танлаб, ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари мумкин. Давлатимиз эса «қора» бозорни қисқартириб, меҳнат унумдорлигини оширади, солиқ ва божхона тўловларини оптималлаштиради ҳамда Товар бозорларини назорат қилиш имкониятига эга бўлади.
Буларнинг барчасига биргина тизим – маркировкалаш орқали эришса бўлади. Тизим АҚШ, Европа мамлакатлари, Туркия, Россия, Ҳиндистон ва яқин қўшниларимизда ҳам муваффақиятли тадбиқ этилмоқда. Натижалар ҳам юқори унумдорликни кўрсатмоқда. Демак бу муаммонинг ечими бор.
2021 йилда айнан маиший техника воситаларини маркировкалаш бўйича тажриба лойиҳаси амалга оширилган эди. Тажриба лойиҳасида мамлакатимизнинг йирик маиший техника ишлаб чиқарувчилари иштирок этди. Булар Artel, Texnopark, Foton, Roison, Ideal Lux, Vista каби нуфузли компаниялардир. Бу ишлаб чиқарувчиларнинг барчаси истеъмолчиларимизга яхши таниш ва айтишимиз мумкинки, «Made in Uzbekistan» савдо белгиси остида сотилаётган маҳсулотларнинг аксарияти улар ҳиссасига тўғри келади.
«Миллий каталог тизимида ўз маиший техникасини рўйхатдан ўтказган ва кодларига буюртма берган компаниялар сони 15 дан ортиқ. Жами 40 дан ортиқ иштирокчилар мавжуд (бренд, улгуржи ва чакана савдо вакилларини ҳисобга олган ҳолда). Иштирокчилар географияси ҳам бутун Ўзбекистонни қамраб олади. Маркировкалаш тизими Самарқанд, Тошкент вилояти ва пойтахтда фаол синовдан ўтказилди. Шу 5 ой давомида катта ишлар амалга оширилди», — дея тизим оператор ҳисобланган CRPT Turon МЧЖ лойиҳа менеджери Равшан Расули иштирокчилар тўғрисида маълумот берди.
«Авваламбор, тизим котрафактга қарши курашишда ёрдам беради ва савдо ўсишига ёрдам беради деб умид қиламиз. Яна бир муҳим жиҳат - товарлар ҳаракатини кузатиш ва бозор талабини ўрганиш имконияти. Тизим бизга — ишлаб чиқарувчиларга маълум бир маҳсулотни ишлаб чиқаришни малакали қуришга ёрдам берадиган муҳим таҳлилий маълумотларни тақдим этади. Бизга истеъмолчилар қўлида жуда фойдали воситага айланадиган Asl Belgisi мобил иловаси ғояси жуда ёқди. Баъзида сотиб олаётганда оригинал нусхани сохтасидан ажратиб бўлмайди», – дея изоҳ берди тажриба иштирокчиси «PREMIER» компанияси директор ўринбосари Зафар Иргашев.
Сўнгги икки йил ичида онлайн савдо дунёси кенг миқёсда ривожланмоқда. Онлайн дўконлар жуда кенг турдаги маҳсулотларни таклиф қилмоқда. Лекин ҳар доим ҳам рекламадаги расм, сотиб олинган товарларнинг ҳақиқий кўриниши билан бир хил бўлмайди. Қандай қилиб мижознинг ишончини сақлаб қолиш мумкин? Айниқса, агар сохталиги истеъмолчиларда ишончсизликни келтириб чиқарадиган жаҳон брендларининг маиший техникаларини сотишига тегишли бўлса?
GINZA AZIA MChJ ва Philips Avent компанияси раҳбари — Лариса Ан бу борада ўз фикри билан ўртоқлашди. У бошқараётган онлайн дўкон Philips жаҳон брендининг маҳсулотларини таклиф этади.
«Афсуски, бу глобал муаммо. Биз бир неча бор Philips номи билан чиқарилган сохта маҳсулотларга дуч келганмиз. Улар жуда ўхшаш эди, аммо улар оригинал маҳсулотлар эмас. Унинг сифати учун ҳеч ким жавобгар бўлмайди. Аммо охир-оқибат, «қора» техника, ҳақиқий ишлаб чиқарувчининг имиджига салбий таъсир қилади.
Мисол учун, Россияда ҳар учинчи маҳсулот сохта ҳисобланади. Шундай маҳсулотлар онлайн-дўконларда сотилади, чунки маҳсулотни сотиб олишдан олдин текшириш имконияти йўқ. Албатта, сохта маҳсулотлардан химояланиш учун қўллаб-қувватлаш хизматлари мавжуд. Аммо агар буюртма тўловидан сўнг харидор унга сохта нарса берилганлигини тушунса, биринчи навбатда, асл маҳсулотни ишлаб чиқарадиган компаниянинг имиджи зарар кўради.
Бу муаммога қарши курашиш учун онлайн сотув кучли воситага муҳтож эди. Ечими – рақамли маркировкалаш тизими бўлди.
Ҳар бир товарнинг ўзининг рақамли коди бўлади, уни сохталаштириш мумкин эмас ва бу ишлаб чиқарувчи ёки импортерга товарларни кузатишда ёрдам беради. Бунинг учун мобил илова ишлаб чиқарилган. Тизим аъло даражада ўйлаб чиқилган. Шунингдек, бизда сотувлар ва бозор талаби бўйича тайёр таҳлиллар пайдо бўлди», — деди Лариса Ан.
2 апрел санасида Вазирлар Махкамасининг 148-сонли Қарори қабул қилинган бўлиб, унга мувофиқ 15 апрел санасидан эътиборан юртимизда маиший техника воситалари рақамлаштирилиб, маркировка кодларига эга бўлади. Хужжатда тизим тадбиқ этилиш муддатлари ҳам аниқ белгиланган:
1-чи гуруҳ — чангютгич, кир ювиш машинаси, совутгич ва музлатгич, телевизор ва монитор — 2022 йил 15 апрелдан бошлаб;
2-чи гуруҳ — маиший газ плитаси, ошхона дудбурони, духовка ва печка, микротўлқинли печ, дазмол, сув иситкич — 2022 йил 1 августдан бошлаб;
3-чи гуруҳ — сув иситиш қозонлари, кондиционер, ўрнатилган електр моторли маиший техника (сок чиқазгич, блендер, миксер, кофе янчгич, гўшт майдалагич), барча турдаги лампалар — 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб.
«Asl Belgisi» маркировкалаш тизими ишлаб чиқарувчилар учун ҳам, импортчилар учун ҳам узоқ кутилган ечим бўлиб хизмат қилади. Сабаби бозорда сохта ва асл маҳсулот орасидаги танлов эндиликда шаффоф бўлди. Биргина Data Matrix коди ишонч ҳосил қилиш учун исбот бўлиб хизмат қилганда, жамоат назорати шаклланади ва иқтисодиётни ривожланишига ҳар бир фуқаро ўз хиссасини қўшади. Бу учун эса фақат асл маҳсулотни харид қилиш керак бўлади, холос.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter