Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рамзан Қодиров Эрдўғонга кескин оҳангда мурожаат қилди

Рамзан Қодиров Эрдўғонга кескин оҳангда мурожаат қилди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Туркиянинг Кожаэли вилоятида чеченистонлик арбоб Жохар Дудаев номидаги истироҳат боғи очилишига кескин муносабат билдириб, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғонга мурожаат қилди.

Қодировнинг муносабати Туркияда кенг муҳокамага сабаб бўлди.

Қодиров ўзининг Телеграм-каналида Чеченистон Республикасининг биринчи президенти Дудаевни минглаб тинч аҳолининг ўлимига алоқадор бўлган террорчи деб атаган. Шу муносабат билан у боғ очилгандан сўнг расмий Анқарани «террорчиларни қўллаб-қувватлашда» айблаган.

«Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга очиқ мурожаат қиламан: бир қарорга келинг! Ё террорчиларни очиқ қўллаб-қувватловчи давлат мақомини оласиз ёки Россия Федерацияси билан шаффоф ва ҳалол муносабатларни ҳимоя қиласиз», — деб ёзган Чеченистон раҳбари.

Қодиров Грознийда Курдистон ишчилар партияси асосчиси, Туркия қамоқхонасида умрбод қамоқ жазосини ўтаётган Абдулла Ўжалан номини абадийлаштириш билан таҳдид қилган.

Туркиянинг бир қатор ОАВлари Қодировнинг турк курдлари етакчисига ҳайкал ўрнатиш ҳақидаги таклифига салбий муносабат билдирган. Хусусан, Daily Sabah газетаси Қодировнинг сўзларини таҳдид деб ҳисоблайди ва Курдистон ишчилар партияси раҳбари Абдулла Ўжаланни «террорчи» деб аташган.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков, ўз навбатида, Туркия ҳукуматининг Дудаев номини боғлардан бирига бериш ҳақидаги қарорини Чеченистон аҳолиси учун оғриқли деб ҳисоблаган.

«Дипломатик каналлар орқали биз туркиялик ҳамкасбларимизга, юмшоқ қилиб айтганда, Туркия шаҳарларидан биридаги майдонга бундай ном берилишини маъқул кўрмаслигимизни аллақачон маълум қилдик», — дея қўшимча қилган у.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг