Тошкент вилоятида янги ГЭС қурилиши бошланди. У 100 минг хонадонни электр билан таъминлайди
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чотқол дарёсида гидроэлектростанция қурилиши бошланди.
Лойиҳа бўйича капитал қўйилмалар ҳажми 125 487,33 минг еврони ташкил этиб, улардан 47 631,17 минг евро миқдоридаги маблағни асосий гидрокучланишли ва ёрдамчи асбоб-ускуналарни харид қилиш учун йўналтириш белгиланган. Буюртмачининг қолган харажатлари 8 995,57 минг еврога баҳоланган. Шунингдек, қурилиш-монтаж ишлари учун 688 860,59 минг евро ажратиш режалаштирилган.
Янги иншоот 60 ой давомида, яъни 2019-2023 йилларда қурилиб, эксплуатацияга топшириши режалаштирилган.
Ҳисоб-китобларга қараганда, янги ГЭС ишга туширилгач, унинг мамлакат ички ялпи маҳсулотдаги улуши ўртача 25 477,8 минг еврони ташкил қилади ва 100 мингга яқин уй хўжалигини электр энергия билан таъминлашга хизмат қилади.
ГЭСда ҳар бири 19 МВт бўлган 4 та гидроагрегат ўрнатиш мўлжалланган.
Иншоотнинг ўрнатилган қуввати 76 МВт бўлиб, йиллик ўртача электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми 282,0 млн. кВт.с га тенг. Унинг асосий асбоб-ускуналари норматив муддатларга кўра 40 йилгача хизмат қилиши мумкин, амалда эса улар 80 йилгача ҳам ишлайди. Шунингдек, ГЭСнинг тўлиқ ишга туширилиши 91,28 млн. м3 гача табиий газни иқтисод қилиш имкониятини беради. Иншоот гидрологик режимга таъсир қилмайди ва гидробиологик объектларга зарар етмайди ҳамда атроф-муҳит ва табиат ўзгаришига таъсир кўрсатмайди.
Ушбу ГЭС қурилиши ва ишга туширилишига сарфланган харажатлар инвестицион даврни ҳисобга олмаганда, 6 йилу 2 ойда қопланиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter