Қурувчилардан бири Юнусобод метросидаги даҳшатли ҳодиса қандай юз берганини сўзлаб берди
18 декабрь куни соат тахминан 10:00 атрофида Тошкент метрополитенининг янги қурилаётган Юнусобод йўналиши қурилишида ер ўпирилиши оқибатида авария содир бўлди.
«Repost» ушбу объектда тўрт кундан буён ишлаётган ишчилардан бири билан суҳбатлашди. Ишчининг илтимосига биноан унинг исми ўзгартирилди.
Азиз (исм ўзгартирилган) вилоятдан келган. Қуйида унинг ҳодиса қандай юз бергани ҳақидаги ҳикояси келтирилади:
«Объектда бугун тўртинчи кун ишлашим. Метро беш ойдан бери қурилмоқда. Ишчилар бир неча сменада ишламоқда. Мен ўз вилоятимдаги қурилиш компаниясида бир йилдан ортиқроқ муддатда ишлаб келяпман. Айнан шу компания мени метро қурилишига юборган эди. Бу ерга ишга келган биринчи кунимдаёқ орқага қайтиб кетишни хоҳлаганман. Метро қурилишига жалб этилган қурувчиларнинг барчаси Жомий айланмасида жойлашган пласткарт вагонларда яшайди. Битта вагонда 50 нафардан кўпроқ одам жойлашган. Биринчи кунданоқ бизнинг бошлиғимиз бир неча ходимни дам олгани ва чеккани учун ишдан ҳайдади. Яшаш шароитлари ва бу ердаги муҳитни кўриб ўша куниёқ орқага қайтиб кетишни хоҳлаганман.
15 кун ишлаймиз, 3—4 кун дам оламиз, кейин яна ишга чиқиш керак бўлади. Ойлик 35 соат учун тўланади. Қўлимизга 1,5 миллион сўмга яқин пул оламиз. Нонуштага иккита қайнатилган тухум, бир нечта бўлак нон ва чой беришади. Тушликка ош ва нон, кечки овқатга макарон ва гуруч. Мен кечки овқатни емайман, дўкондан у-бу нарса олиб ейман. Ҳар куни соат 6:00 да “подём”. Соат еттида биз объектга бориб, тунги смена ишчилари билан ўрин алмашамиз. Бошлиқлар қандай топшириқ берса, ҳаммасини бажарамиз. Бир кунда 10—11 соатлаб ишлаймиз. Ишимиз оғир.
Бугун соат 10:20 да фожиа юз берди. Мен ўша вақт яқин жойда тургандим.
ДСП, арматураларнинг қарсиллаган овози эшитилди, оғир нарса қулагандек бўлди. Одамларнинг бақирганини эшитдим, лекин ким бақирганини тушунмадим. Ҳамма метро ўпирилган жойга югурди.
У ерда соябон бор эди. Кучли ёмғирдан сув тўпланиб, деворлар икки томондан сув билан ювиларди. Пастда эса бетон қуйиш учун мўлжалланган ДСПларни ушлаб турган тахталар бор эди. ДСП устида эса арматура тўри. Одамлар юқорида ишлаётган эди, айримлар пастдаги соябон остида ёмғирдан пана қилиб турган эди. ДСП, арматура тўрлари, бетон ва тупроқ одамлар устига қулаб кетди. Кабеллар узилиб, қурилиш материалларининг қарсиллаган овози эшитилди. Қўрқиб кетдик. Ҳаммамиз ҳалигача шокдамиз».
ФВВ матбуот хизмати хабарига кўра, қидирув ва қутқарув ишлари натижасида тупроқ остидан шу вақтга қадар тўрт кишининг жасади олиб чиқилди ва уларнинг шахси аниқланди. Қидирув ишлар давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter