Қурилиш ташкилоти масъули фирибгарликка йўл қўйди
Ҳуқуқ-тартибот органи вакилининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, кейинги пайтларда Бухорода фуқароларни уй-жой билан таъминлашда ноқонуний ҳатти-ҳаракатларни содир қилаётган шахслар ошиб бормоқда.
Таъкидланишича, қурилиш ташкилотларидан бирида масъул вазифада ишловчи фуқаро Х.Б. Олот туманидаги «Бўрибек Чандир» маҳалласида яшовчи ўз ҳамқишлоғи Ҳ.С. га кўп қаватли уйлардан уй олиб беришни ваъда қилган. У ҳамқишлоғига қурилиши тугалланмаган бир уйнинг кадастр ҳужжатини кўрсатган ва уни 15.000 АҚШ долларига сотишини айтган.
У ўз «мижози»дан 2022 йил 9 август куни 2.800 АҚШ доллари, 17 август куни 1.200 АҚШ доллари ҳамда 18 август куни 1.000 АҚШ доллари, жами 5000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини гўёки тилхат асосида олган. Пулларнинг қолган қисмини эса уйнинг ҳужжатларини расмийлаштирганидан сўнг тўлиқ етказиши шартлигини билдирган. Бироқ, кўп қаватли уй ўзбошимчалик билан қурилгани боис, кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришнинг имкони бўлмаган. Орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтганига қарамасдан, Х.Б. ҳамқишлоғига унинг пулларини қайтариб бермаган ва ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter