Қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларга имтиёз берилади

Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича ўтказилган видеоселектор давомида қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиши бўйича маълумот берди.
— Вилоят ҳокимлари 24 та туманни қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш бўйича ўз таклифларини берди. Бунда қурилиш материаллари кластерларини, энг аввало, йирик корхоналар ва мавжуд инфратузилмага яқин ҳудудларда жойлаштириш зарур. Мисол учун, Чуст, Фориш, Қоровулбозор, Шеробод туманларидаги цемент заводлари, Ўзбекистон туманидаги норуда конлари инфратузилмасидан фойдаланиб, бундай кластерларни ташкил этиш керак, — деди давлат раҳбари.
Йиғилиш давомида маълум қилинишича, 24 та туманда инфратузилмани яхшилаш учун бюджетдан қўшимча 400 миллиард сўм, геология ишларини амалга ошириш эса 100 миллиард сўм ажратилади.
— Вилоятлар томонидан қурилиш материаллари соҳасида 5 миллиард долларлик 1 мингдан зиёд лойиҳа таклифлари шакллантирилди. Вилоят ҳокимлари йил якунига қадар 900 та лойиҳани ишга тушириш орқали 25 мингта иш ўрни яратишга масъул бўлади. Аннақличев қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳалари учун 300 миллион доллар маблағлар жалб қилсин. Бунга қўшимча, лойиҳаларни кредитлашга давлат томонидан «Саноатқурилишбанк» орқали қўшимча 200 миллион доллар ажратилади. Янги турдаги қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун тадбиркорларга 15 миллиард сўмгача кафиллик берилади (ҳозирда 8 миллиард сўм), — дея таъкидлаб ўтди давлат раҳбари.
Давлат раҳбари томонидан таъкидланишича, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга бир қатор имтиёзлар берилади. Унга кўра, миллий валютадаги кредитлар бўйича Марказий банк ставкасидан 10 фоизгача ортиқ қисми ва хорижий кредитлар бўйича, фоиз ставкасининг 50 фоизи қоплаб берилади. Қишлоқ жойларидаги саноат зоналари ҳамда конлар ва карьерлар учун ер солиғи 10 бараваргача камайтирилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter