Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ижтимоий тармоқларда Қозоғистондаги фожиа қурбонларининг оиласига моддий ёрдам акцияси бошланди

Ижтимоий тармоқларда Қозоғистондаги фожиа қурбонларининг оиласига моддий ёрдам акцияси  бошланди

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

2018 йилнинг 18 январь куни Қозоғистоннинг Оқтўба вилояти Ирғиз туманида автобусда ёнғин содир бўлиши оқибатида 52 киши ҳалок бўлгани ва 5 киши жабрлангани ҳақида хабар берган эдик. Бугунга келиб ҳалок бўлганлардан 49 нафарининг шахси аниқланди. Уларнинг асосий қисми Наманган вилоятидан экани, шунингдек, марҳумлар орасида Андижон, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва  Тошкент шаҳрида яшаганлар ҳам борлиги маълум қилинди.

Ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида мазкур фожиада қурбон бўлганларнинг оилаларига моддий ёрдам бериш акцияси бошланди. «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали колумнисти, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев «Facebook»даги саҳифасида айнан шундай ташаббус билан чиқди. У бу ҳақда шундай ёзади:

Самара-Чимкент трассасининг 1068-километрида ёниб кетган автобус.
Фото: «Linews.ru»

«Нима воқеа рўй берганини, оқибати қандай бўлганини яхши биласиз. Бу ҳақида ортиқча ёзиб ўтирмасдан, муддаога ўта қоламан.

Фожиада ҳалок бўлган 52 нафар юртдошимизнинг жасадларини олиб келиш, уларнинг оиласига ҳар томонлама кўмак бериш мақсадида ҳукумат комиссияси тузилганидан хабарингиз бўлса керак. Маҳаллий ҳокимиятлар, тегишли мутасадди шахслар аллақачон ишга киришиб кетишган.

Бироқ биз фуқаролар ҳам давлатга бу борада ёрдам беришимиз, менимча, ҳар биримизнинг бурчимиздир. Ҳалокат қурбонларининг яқинлари қалбида пайдо бўлган катта ярага биргаликда малҳам бўлишимиз керак. Бунинг учун энг аввало маънавий далда бўлиш, ундан кейин эса моддий ёрдам ажратиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Оиламни боқаман деб ота-ўғил, ака-ука, амакиваччалар арзон автобусда ўз юртини ташлаб узоқ ўлкалар сари йўлга чиққан эканми, демак, уларда моддий эҳтиёж бўлгани шубҳасиз.

Келинглар, эй, саховатпеша ватандошлар, уларга ёрдам қўлини чўзайлик!

Аҳолидан йиғилган эҳсонлар тийин-тийинигача ҳалок бўлганларнинг оилаларига етказилади. Бунда тушган сумманинг қанчалик кўп ёки камлигига қараб, оилаларга ижтимоий адолат принципларига риоя қилган ҳолда тарқатишга ҳаракат қиламиз. Энг аввало бир оиладан бир нечта вакил вафот этган оилаларга, ундан сўнг боқувчисини йўқотган оилаларга, ундан кейин эса қолган оилаларга бир хил нисбатда тарқатилади. Сумма қанча катта бўлса, шунча яхши.

Бугун айни шу масалада Баҳриддин Чустий акамиз Наманган вилояти ҳокимлиги вакиллари билан кўришган, улар ҳар қандай ҳамкорликка тайёр эканликларини маълум қилишган. Кейинчалик эҳсонларни тарқатиш вақтида Фарғона вилояти вакиллари билан ҳам боғланамиз албатта.

Савоб илинжида эҳсон қилишни истаганлар учун вақтинча қуйидаги пластиклар ишлаб турибди:

8600 0329 3040 8216 (Хушнуд Худайбердиев)

8600 3104 3723 2663 (Баҳриддин Нажмиддинов)

МУҲИМ ЭСЛАТМА: мазкур пластик карталар вақтинча ишлаб туради, сабаби банклардаги техник лимит сабабли ушбу пластиклар 18 млн.дан ортиқ маблағни қабул қила олмайди. Биздаги маълумотга кўра, ҳозирча фақат «Агробанк»да лимитсиз пластик карта очиш мумкин экан. Душанба куни ўз номимга пластик карта очтираман. Унгача вақтни йўқотмаслик учун юқоридаги пластикларга пул ўтказишингиз мумкин.

ИЛТИМОС: Токи лимитсиз пластик карта очилгунга қадар имкон қадар 100 минг сўмдан ошмаган миқдорда пул ўтказсангиз. Шунда бир пасда тўлиб қолишининг олдини олган ва кўпроқ инсонларни савобга шерик қилган бўлар эдик. Раҳмат.

Қолган барча саволлар бўйича менга «Facebook»дан шахсий хабар орқали ёки +998946119998 рақамдаги «Телеграм» орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

Аллоҳ барча ўтганларни ўз раҳматига олган бўлсин».

«Фейсбук»даги хайрия акциясидан скриншот
Фото: «Facebook» / @xushnudjohn

Ушбу эълонга билдирилган муносабат ва қолдирилган фикрлардан Хушнудбекнинг ташаббусини кўпчилик қўллаб-қувватлаганини кўриш мумкин. Хорижда ўқиётган ва меҳнат қилаётган юртдошларимиз ҳам бу хайрли ишга бош қўшиш истагини билдиришган, аммо Ўзбекистондаги банк пластик карталари ва ҳисобрақамларига пул ўтказа олмасликлари, хориждагилар учун махсус халқаро тўлов карталари очтириш кераклигини айтишган.

Бундан ташқари, «Facebook»даги «Халқ билан мулоқот» гуруҳида ҳам худди шундай хайрия акцияси бошланган бўлиб, тез орада банкда махсус ҳисобрақам очилиши ҳақида хабар берилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг