Қозоғистонда коронавирус хавфига етарлича баҳо берилмагани тан олинди

Қозоғистонда коронавирус хавфи кўламига етарли баҳо берилмаган, мамлакат президенти девони раҳбарининг ўринбосари Даурен Абаев бунга иқрор бўлди.
«Коронавирус бўйича вазият ҳақида кўп саволлар келиб тушяпти. Уларнинг баъзиларига аниқлик киритмоқчиман. Бугун давлат бошқарувининг деярли барча бўғинлари хавф кўламига вақтида муносиб баҳо берилмагани ҳақида аниқ тасаввурга эга. Жавобгарлик тўлиқ ҳис этиляпти. Ва, албатта, бундан керакли хулосалар чиқарилади», — деб ёзди Абаев «Facebook»даги саҳифасида.
У хулосалар деганда шаҳар ва ҳудудлар ёки вазирликлар раҳбарлари истеъфосини эмас, балки давлат бошқарувини тизимли қайта қуришни назарда тутганини қўшимча қилди.
Абаевнинг таъкидлашича, давлат аппарати ўзига хос бўлмаган функциялардан халос бўлиб, уларни хусусий қўлларга ёки фуқаролик жамиятига топшириши керак.
«Фаолиятнинг айрим ҳуқуқий жиҳатларини ўзгартириш фурсати етди. Масалан, фавқулодда вазият шароитида ҳокимликлар харид расмиятчиликларига кўмилиб қолиб, зарур дориларни вақтида келтира олишмади. Бунинг учун уларни хоҳлаганча сўкишимиз мумкин, аммо эртага улар ҳам бу коррупцион схема эмас, балки инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга интилиш эканини ҳуқуқ органларига исботлаб беришлари керак-да. Бунақа мисоллар кўп», — деди Даурен Абаев.
Қозоғистонда бугунга келиб коронавирусни юқтириш ҳолатлари жами 76 799 тага етди — мамлакат пандемия энг кенг тарқаган 30 мамлакат орасида! Бугуннинг ўзида 1646 та янги ҳолат қайд этилди, касалликдан соғайганлар 48,2 мингдан ортиқ, қурбонлар сони — 610 нафар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter