Қозоғистонда 3,5 минг киши ноқулай шароитда қолиб кетди
31 декабрь куни эрталаб соат 7:00 ҳолатига кўра, об-ҳаво шароити туфайли Қарағанда вилояти йўлларида 1359 та автомобиль қор бўронида қолиб кетган. Уларда 3459 киши, жумладан 129 нафар бола ноқулай шароитда қолган.
Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, биргина Олмаота-Екатеринбург трассасида 1150 та автомобиль тўпланиб қолган, уларда 3 мингдан ортиқ одам, жумладан, юздан ортиғи болалар бўлган.
Кечаси Бўтакара-Баянаул, Бўтакара-Қаркалинск автомобиль йўлидан 110 киши, жумладан, 7 нафар бола эвакуация қилинган.
«Улар иссиқ хоналарга жойлаштирилиб, иссиқ овқатлар ташкил этилди. Полиция одамларни қор тирбандлигидан қутқариш ишларини давом эттирмоқда», деб ёзади ИИВ.
Икки кун ичида полиция 17 мингга яқин транспорт воситасини энг яқин аҳоли пунктларига кузатиб қўйган.
Қарағанда вилояти аҳолиси ва меҳмонларидан об-ҳаво шароити ва транспорт воситалари ҳаракати чекловлари тўғрисида СМС-хабарларга эътибор беришлари ҳамда узоқ сафарлардан воз кечишлари ва аҳоли пунктларидан ташқарига чиқмасликлари сўралган.
Остона аэропортида 31 декабрга белгиланган 10 та рейс бекор қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter