Қозоғистон ТИВ Ал-Ақсо масжидига ҳужум юзасидан муносабат билдирди
Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ойбек Смадияров Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига уюштирилган ҳужум ортидан Яқин Шарқда вазият янада таранглашганидан хавотир изҳор қилди.
«Умид қиламизки, сиёсий, диний ва жамоат етакчилари муқаддас Рамазон ойи ва Фисиҳ байрамида тарангликни юмшатиш учун барча зарур чора-тадбирларни кўрадилар. Қозоғистон ҳамиша бағрикенглик ва динлараро мулоқотни кучайтиришни ёқлайди ва халқаро ҳамжамиятнинг Яқин Шарқ муаммосини БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларига мувофиқ ҳолда, тинч йўл билан ҳал этиш йўлидаги уринишларини қатъий қўллаб-қувватлайди», – дейди О.Смадияров.
Расмий Остонага кўра, ҳозирги вазиятда статус-квони сақлаб қолиш муҳим аҳамият касб этади.
Қозоғистон ТИВ мулозими томонлар вазминлик йўлини тутиб, зўравонликка олиб борувчи қадамлардан тийилиши ва пировардида соғлом ақл устун келишига умид билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Исроил хавфсизлик кучлари 4 апрель кечаси ва 5 апрель субҳида Ал-Ақсо масжидига бостириб кириб, намоз ўқиётган фаластинликларга нисбатан шовқинли граната, заҳарли газ, резина ўқлар билан ҳужум қилган. Босқин давомида 350 дан зиёд фаластинлик ҳибсга олинган, ибодатга келган ўнлаб киши яраланган.
Кетма-кет учинчи бор Рамазон ойида муқаддас масжидга ҳужум уюштирилгани мусулмон дунёси томонидан кескин қораланди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроилнинг Фаластиндаги ҳужумларига қарши ислом дунёси бирдам бўлиши кераклиги ҳақида баёнот берди.
Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим БМТ Хавфсизлик кенгашини мудҳиш жинояти учун Исроил режимини жавобгарликка тортишга чақирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter