Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қўшмачи қоровул қўлга олинди

Қўшмачи қоровул қўлга олинди

Фото: «Xabar.uz»

Катта ҳаётга қадам ташлаётган, оила  аталмиш қўрғонни бирга бунёд этишга аҳду паймон қилган йигит ва қиз энг аввало ўз яшаш ҳудудидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига мурожаат этади. Улар томонидан боғланаётган муқаддас ришта ана шу бўлимда — бинода расмийлаштирилади.

Бироқ, Нишон тумани фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимида қоровул бўлиб ишлаган А.О. бўлим биносида бошқа «хизмат» турини ҳам йўлга қўйиб олган экан. Кундузги иш жараёнига мутлақо зид равишда тунлари бу ерга оила, никоҳ, ҳалоллик, покизалик каби муқаддас қадриятларимизни оёқости қилган, енгил-елпи ҳаётга ружу қўйган эркак ва аёллар келиб туришган. Бино қоровули эса белгиланган «хизмат ҳақи» эвазига уларга жой ҳозирлаб бераверган.

Бу сафар ҳам Қарши шаҳри Пахтазор маҳалласида яшовчи Ю.З. Нишон тумани Талимаржон шаҳарчасида яшовчи Н.Д. билан тунги соат 23 лар атрофида туман марказида учрашади. Учрашувдан мақсад эса ўзларининг ҳирсий нафсларини қондириш эди. Бунинг учун хилват жой топишса бўлгани.

Жой масаласида бироз ўйлашгандан сўнг қиз танишларидан туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш идораси қоровули — «... ака» деган киши пул эвазига жой бериши ҳақида эшитганлигини айтади. Шундан сўнг улар ушбу бинога қараб йўл олади ва идора эшигини тақиллатишади.

Бу пайтда қоровул маҳалласидаги тўйдан бироз «отиб олиб», эндигина келиб жойига чўзилган эди. Шунга қарамай, эркак ва аёлнинг ташрифи уни безовта қилмади. Нима мақсадда келишганини англаган эмасми, чопқиллаб чиқиб, дарвозани очди.

Ўзаро келишув 66 ёшли отахоннинг 30 минг сўм эвазига невараси тенги йигит ва қизга ўз жойини бўшатиб бериб, дарвозага қулф солганча, ташқарига чиқиб кетиши билан якунланди.

Аммо бу вақтда туман марказида ярим тунда бемақсад юрган йигит ва қиз аллақачон ҳудудда фаолият олиб бораётган ички ишлар ходимларини шубҳалантирган, жуфтликни кузатишмоқда эди. Улар ФҲДЁ биноси қоровулхонасига келиб киришгач, ИИБ ходимлари қоровулдан изоҳ талаб қилишди.

Кўп ўтмай, барча ҳолатга ойдинлик киритилди. А.О.нинг пул эвазига фуқаролар — Ю.З. ва Н.Д га фаҳш ишларини амалга ошириш учун шароит яратиб бергани ўз исботини топиб, ҳолат ҳужжатлаштирилди.

Энди эса қўшмачи қоровул бу қилмиши учун қонуний жазога тортилиши  тайин.

Аҳрор Содиқов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг