Қўқонда 230 гектар майдонда «Ўзбекистон – Хитой» махсус саноат зонаси ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятида янги корхоналарни ишга тушириш ва қурилишини бошлаш маросимида иштирок этди.
Тадбирда давлат раҳбари сўнгги беш йилда Фарғонада саноат ҳажми 1,3 баробарга кўпайганини қайд этди. Экспорт ҳажми қарийб 2 баробарга ошиб, 722 миллион долларни ташкил этган.
Инвестициялар миқдори эса 2018 йилдаги 90 миллион доллардан 2023 йилда 1 миллиард 300 миллион долларга етган. Чет эл капитали иштирокидаги корхоналар сони 470 тани ташкил этмоқда.
Биргина «Қўқон» эркин иқтисодий зонасида 370 миллион долларлик юзга яқин лойиҳа бажарилиб, 9 мингта янги иш ўрни яратилди. Улар томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида 1 триллион 500 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 60 миллион долларлик экспорт қилинди.
Куни кеча қабул қилинган Президент қарорига кўра, ушбу саноат зонаси Қувасой шаҳри бўйлаб 210 гектарга кенгайтирилади. Унда қиймати 1 миллиард долларлик 185 та лойиҳа жойлаштирилиб, 12 мингта иш ўрни яратилади. Бундан ташқари, Қўқон шаҳрида 230 гектар майдонда «Ўзбекистон – Хитой» махсус саноат зонаси ташкил этилади.
Вилоятдаги муваффақиятли лойиҳалардан бири – Сингапурнинг «Индорама» компанияси билан ҳамкорликдаги минерал ўғитлар заводи. Энди унинг юқори самарадор комплекс ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича 2-босқичи ишга туширилмоқда ҳамда 3-босқичи бошланмоқда. Буларнинг натижасида йилига 300 минг тоннадан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, қўшимча 50 миллион долларлик экспорт таъминланади.
Маросимдаги яна тўртта лойиҳа энергетика соҳасида. Улар – Бешариқ туманида қуёш электр станцияси, Ўзбекистон туманида электр энергиясини сақлаш тизими, Фарғона туманида кичик гидроэлектр станциялари.
Иқтисодиётда электр энергияга бўлган талаб йилига ўртача 6 фоизга ошиб бормоқда. Шу боис анъанавий манбалар билан бирга қайта тикланувчи қувватлар ҳам ривожлантирилмоқда.
Сўнгги уч йилда 2 миллиард доллар хорижий инвестиция ҳисобига қуввати 2,4 гигаватт бўлган 10 та қуёш ва шамол электр станцияси тармоққа уланди. Йил якунига қадар яна 12 та станциянинг қарийб 2,6 гигаватт қувватлари уланади. Шунингдек, ҳозирги кунда жами 19 миллиард долларлик, 18,3 гигаваттли 32 та «яшил» лойиҳа амалга оширилмоқда. Муҳими, бундай лойиҳалар ҳар бир вилоятда бор.
Хусусан, Фарғонанинг Бешариқ туманида Германиянинг «Hyper Partners» компанияси билан 500 мегаваттли қуёш электр станцияси қурилиши бошланмоқда. 350 миллион долларлик мазкур лойиҳанинг дастлабки 200 мегаватти шу йилнинг ўзида тармоққа уланиб, келгуси йилда тўлиқ ишга туширилади. Унда йилига 1 миллиард 600 миллион киловатт соат ёки 675 минг хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг «яшил» энергия ишлаб чиқарилади. Натижада 466 миллион метр куб табиий газ тежалади.
Ўзбекистон туманида 144 миллион доллар хорижий инвестиция ҳисобига 150 мегаваттли илк электр энергиясини сақлаш тизими барпо этилади. Хитойнинг «Gezhouba Group» компанияси билан ҳамкорликдаги ушбу мажмуа шу йил якунига қадар ишга туширилади. У электр энергиясига талаб ортган вақтда автоматик ишга тушиб, энергетика тизими барқарорлигини таъминлайди.
Ушбу замонавий станциялар энергетика хавфсизлигини таъминлашга, иқтисодий самарадорликни оширишга, экологик барқарорликни яхшилашга хизмат қилади.
Соҳадаги яна бир йўналиш – сув ресурсларидан самарали фойдаланиш. Сўнгги етти йилда 630 миллион доллар инвестиция ҳисобига 400 мегаваттдан ортиқ янги қувватлар барпо этилиб, гидроэлектр станциялар қуввати 2,2 гигаваттга етказилди.
Изланишлар давом эттирилиб, юртимизда 56 мегаватт қувватли 200 та кичик ва микро ГЭСлар қуриш имконияти аниқланди. Бу борада алоҳида дастур қабул қилинди. Унинг доирасида Фарғона туманининг чека ҳудудларида 2 та кичик ГЭС барпо этилди. Биринчиси, Шоҳимардон қишлоғида қурилган 2,2 мегаваттли, иккинчиси, Юқори Водил қишлоғидаги 430 киловаттли станциялардир. Улар яқин маҳаллалардаги аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлайди.
Давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, битган корхоналар фаолиятини ва янги лойиҳалар қурилишини бошлаб берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter