Қонун ҳужжатларини гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш заруриятми?
Жамиятда инсонларнинг ўз ўрнини топиши учун давлат уларга бир хил шароит ва имконият яратиб бериши гендер тенгликни таъминлашда асос бўлиб хизмат қилади.
Мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатига мувофиқ қонун ва ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасида янги йўналиш – гендер-ҳуқуқий экспертизаси жорий этилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 мартдаги 192-сон Қарори билан тасдиқланган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом»да гендер-ҳуқуқий экспертиза ўтказиш тартиби белгилаб берилди.
Гендер-ҳуқуқий эспертизаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва унинг лойиҳаларини хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига мувофиқлиги юзасидан таҳлил қилиш ҳисобланади. Адлия органлари қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизаси доирасида гендер тенглик принципларига мувофиқлиги ва жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситиш ҳолатлари вужудга келишига шарт-шароитлар яратадиган қоидалар ва нормаларни аниқлаш юзасидан ҳамда белгиланган талабларга мувофиқ гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказади.
Шу ўринда бир савол туғилади мамлакатимиз норма ижодкорлигида гендер-ҳуқуқий экспертиза зарурми? Мазкур зарурият шу жиҳати билан асослики гендер-ҳуқуқий экспертизада ўтказишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларининг гендер тенгликка эришиш соҳасидаги давлат сиёсатига мослиги ҳамда мамлакатдаги жорий гендер ҳолат, лойиҳа қоидаларининг хотин-қизлар ва эркакларнинг турли ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва ролига таъсирига эътибор қаратилади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва унинг лойиҳаларини таҳлил қилишда жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситиш имконияти яратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг лойиҳаси хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш принципларига мувофиқ эмаслиги аниқланади. Бундай ҳужжат лойиҳасини қабул қилиш оқибатлари баҳоланади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган, камситиш хусусиятига эга хавфлар аниқланади. Уларни бартараф этишга йўналтирилган тавсиялар ишлаб чиқилади.
Гендер-ҳуқуқий экспертиза юзасидан хорижий давлатлар тажрибаси
Испания
Испанияда 2007 йилда «Аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган бўлиб, Испания ҳукумати ҳузурида гендер тенгликни таъминловчи комиссия ташкил этилган. Мамлакатда гендер тенгликни таъминлашга оид стратегик режаларни қабул қилиш, аёллар ва эркакларга давлат секторидаги лавозимларда ишлашга, сиёсий ҳаётда иштирок этишга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган давлат сиёсати амалга оширилади. Шунингдек, қонун ҳужжатларининг гендер тенгликка таъсири ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб баҳоланади.
Австрия
Мамлакатда 2013 йилда ўтказилган федерал бюджет ислоҳотидан сўнг, парламент томонидан норматив ҳужжатларнинг эркаклар ва аёллар ўртасидаги «ҳақиқий» тенглик нуқтаи назаридан таҳлилини, шунингдек барча янги қонунлар, қонуности ҳужжатлар ва бошқа йирик давлат лойиҳаларининг гендер гуруҳларига таъсирини баҳолаш жорий этилди.
Бельгия
Мамлакатда «Гендер тенглик тўғрисида»ги 2007 йилда қабул қилинган қонунга биноан, давлат бошқарувига оид ишлаб чиқилаётган ҳар бир қонун ҳужжатида гендер тенглик соҳасидаги стратегик мақсадлар кўрсатилиши керак. Бундан ташқари ҳар бир қонун лойиҳаси ёки таклиф қилинаётган стратегик дастур «гендер экспертиза» дан ўтиши кераклиги ва федерал ҳукумат қонунчилик актининг биринчи қисмида гендер тенглиги бўйича стратегик мақсадларни ўз ичига олиши кераклигини белгилайди. Қонунда ушбу босқичларни мониторинг қилиш ва баҳолаш кўзда тутилган.
Грузия
Мамлакат ҳукумати ҳузурида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказувчи Кенгаш 2012 йилда ташкил этилган. Кенгаш қонун ҳужжатларининг гендер тенгликка таъсирини мониторинг ва баҳолашни ҳам амалга оширади.
Биз таҳлил қилган мамлакатларда гендер-ҳуқуқий экспертиза мазкур давлатлар қонунчилигининг бир қисми ҳисобланади. Яъни бундай экспертиза қонунчилик актларидаги жинсга оид камситишларнинг ҳар қандай турини батараф қилишга қаратилган.
Ўзбекистон норма ижодкорлигида қонун ҳужжатлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси Адлия вазирлиги томонидан ўтказилади. Бугунги кунда мамлакатимиз норма ижодкорлигида қонун ҳужжатлари лойиҳаларининг антикоррупцион экспертизаси, гендер-ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш жорий этилди. Ҳуқуқий экспертизалардан кўзланган мақсад нормалар сифатини ошириш, ҳуқуқий бўшлиқлар юзага келишини олдини олиш, бир-бирига зид бўлган нормаларни бартараф этишдир.
Дилдора Анварова,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат
тадқиқот институти масъул ходими
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter