«Қизболага пичоқ тираганлар...» ИИВ Самарқандда содир бўлган ҳодисани ўрганди
Жорий йилнинг 14 август куни ижтимоий тармоқларда «Навоий вилояти Хатирчи туманида қиз болага пичоқ тираганлар» номи билан тарқалган видео Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан ўрганилди.
Аниқланишича, ушбу ҳолат Навоий вилоятининг Хатирчи туманида эмас, балки, Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида 2019 йилнинг 10 июнь куни содир бўлган.
Шу куни соат 23.00ларда Т.С., А.Қ. ва Қ.А.лар ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, Нарпай туманининг Оқтош шаҳри ҳудудида У.К.га тегишли бўлган «Тико» русумли автомашинада Г.Р. билан ўзаро суҳбатлашиб ўтирган О.Қ., У.К. ва Д.С.ларнинг танасини турли жойларига уриб-тепиб, уларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, У.К.га тегишли бўлган «Samsung» русумли уяли телефон ва автомашинанинг бир жуфт «Sony» русумли радиокарнайи, Д.С.га тегишли «Samsung» русумли уяли телефон ва 750 минг сўм пул, О.Қ.га тегишли «Samsung» русумли уяли телефони ва эркаклар кумуш занжирини қўлга киритиб, ушбу ҳолатларни О.Қ.га тегишли бўлган «Samsung» русумли уяли телефонга тасвирга олиб, кейинчалик тасвирларни интернет тармоғига жойлаштирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Нарпай тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, А.Қ. ва унинг укаси Қ.А.лар жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бундан ташқари, Г.Р. таъкидлаб ўтган, унинг бўйнига О.Қ., У.К. ва Д.С.лар пичоқ тираб қўрқитганлиги ҳолати дастлабки тергов даврида ўрганилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter