Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари кучли ёғингарчилик оқибатлари ҳақида гапирди

Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари кучли ёғингарчилик оқибатлари ҳақида гапирди

Фото: Халқаро пресс клуб

Халқаро Пресс клуб сессиясида иштирок этган қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шуҳрат Тешаев мавжуд сув ресурслари ва улардан фойдаланиш ҳақида гапираркан, бу йил республикамиздаги мавжуд сув омборларида етарлича сув йиғилганини айтган. Бу ҳақда «ЎзА»  ёзмоқда. 

Ҳозирги кунда ҳам сув омборларига сув йиғиш ишлари давом эттирилмоқда.

Ўтган йили қиш ва баҳор ойларида ёғингарчилик миқдорининг кўп йилликка нисбатан 25-30 фоизга кам бўлганлиги оқибатида дарёларда сув сатҳи кескин камайиб, меъёрга нисбатан 65-70 фоизни ташкил этган.

«Ўзгидромет» марказининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг март ва апрель ойида республиканинг барча ҳудудларида ёғингарчилик миқдорини ўтган йилларга нисбатан 1,5-2 баробар, айрим ҳудудларда 3 баробаргача кўп бўлганлиги сабабли бугун тупроқдаги намлик кескин ошиб кетди.

Об-ҳаво ноқулай ва серёғин келган йилларда пахта етиштириш анча қийинлашган ва кутилмаган жиддий муаммолар юзага келган. Хусусан, намлик меъёридан юқори бўлган майдонларда қатқалоқ юзага келиши, ғўза ниҳоллари нимжон униб чиқиб, касалликларга тез чалинувчан ва зараркунандаларнинг зарарли таъсири юқори бўлиши кузатилган.

Бундай пайтларда деҳқонлар ва фермерларимиз ғўза парваришида ҳар йилгидан ҳам кўпроқ масъулият билан илмий асосланган тавсиялар ва кўп йиллик тажрибаларга таянган ҳолда иш кўришлари керак бўлади.

Намликни камайтириш, ҳаво ва иссиқлик айланишини яхшилаш мақсадида тупроқни майин, донадор ҳолатга келтириш учун кўчат 65-70 фоиз униб чиққан майдонларда қатор орасига ишлов бериш ишларини бошлаш тавсия қилинади.

Аввалроқ, апрель ойидаги ёмғирлар юртимиздаги сувомборларига қандай таъсир қилгани ҳақида маълумот берилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг