Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Қишлоқ қурилиш инвест» ва «Ўзшаҳар қурилиш инвест» монополиясига чек қўйилади — депутат

«Қишлоқ қурилиш инвест» ва «Ўзшаҳар қурилиш инвест» монополиясига чек қўйилади — депутат

Фото: Xabar.uz

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши кураш ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан видеоконференц алоқа режимида Қурилиш вазирлиги соҳасида коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан эшитув ташкил этилган эди.

Унда қурилиш соҳасидаги норматив ҳужжатлардаги коррупцияга шароит яратувчи норма ва омилларни бартараф этиш ҳамда қурилиш сифати билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Эшитувда вазирлик номидан Қурилиш вазири ўринбосари Э.Искандаров ахборот берди.

Депутатлар қурилиш соҳасидаги бир қатор регламент ва қоидаларда коррупцияга шароит яратувчи омиллар мавжудлиги келтириб ўтдилар. Жумладан, «Архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти», «Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари», Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 3 июлдаги 302-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида капитал қурилишда танлов савдолари тўғрисида»ги Низомда коррупцияга шароит яратувчи қоидалар сақланиб қолган. Бу ўз ўрнида қурилишда коррупция, қурилиш сифатининг ёмонлашуви ва талон тарожликларга сабаб бўлмоқда.

Депутатлар сўнгги вақтларда мамлакатимизда рўй бераётган талофатларда асосий йўқотишлар қаторида уй-жой ва бошқа қурилиш объектлари ҳиссаси катта эканлигини, бу ўз навбатида қурилиш сифатига риоя этиш ҳамда назорат қилишда қурилиш соҳасидаги ваколатли давлат органининг маъсулияти билан боғлиқлигини билдириб, вазирликдан бунга изох сўрадилар.

Вазирлик бу борада масъулиятни ўз зиммасидан соқит қилмаслиги, сўнгги вақтлардаги талофатларда қурилиш сифатидаги муаммолар яққол кўзга кўринганини таъкидлаб, яқинда қурилиш сифати назорати бўйича алоҳида қўшимча 40 та штат жорий этилиб, мутахассислар жалб этилаётганлигини билдириб ўтди. Қурилиш сифати назорати бўйича барча имкониятларни ишга солиниши маълум қилинди.

Шунингдек, депутатлар жойларда дастур асосида барпо этилаётган кўплаб намунавий уйларнинг сифатсизлиги ва унда йўл қўйилаётган коррупция масаласи билан боғлиқ саволлар беришди.

Ўз ўрнида қурилиш вазири ўринбосари Э.Искандаров шу йил 1 майда қабул қилинган «Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қароридан келиб чиқиб, 2020 йил охирига бориб «Қишлоқ қурилиш инвест» ва «Шаҳар қурилиш инвест» компанияларининг аҳолига намунавий уй-жой қуриш бўйича монополиясига чек қўйилаётганлигини таъкидлади. Чунки, ушбу қарорга асосан хусусий пудрат ташкилотлари томонидан ўз маблағлари ва тижорат банкларининг кредитлари ҳисобига қурилган квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишга рухсат берилган.

Шунингдек, 2020 йил 1 майдан бошлаб 2022 йил 1 январга қадар жисмоний шахсларга хусусий пудрат ташкилотлари томонидан тайёр ҳолда топшириш шартисиз (пардоз ишларини амалга оширмасдан) қурилган квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ипотека кредитларини олиш имкониятига эга бўлдилар.

Эшитув давомида 2018-2019 йилларда қурилиш соҳасида 365 та жиноят содир этилган бўлиб, унинг 72 фоизи коррупция билан боғлиқ эканлиги келтириб ўтилди.

Эшитув якунида қўмита томонидан юқорида келтириб ўтилган ҳолатларнинг баратараф этилиши, қурилишдаги норматив ҳужжатлардаги коррупциявий омилларни бартараф этишни мониторинг қилиб бориш бўйича қўмита ишчи гуруҳи тузилди.

Қурилиш вазирлигига қурилишдаги танлов (тендер)ларни ахборот технологияларини жорий этган ҳолда онлайн режимда ташкил этиш ва коррупцияга қарши кураш бўйича бошқа вазифалар кўрсатиб ўтилди.

Р/S: шахсан мен қаерда монополия бўлса ўша ерда сифатсизлик, истеъмолчи билан ҳисоблашмаслик ва коррупция рўй беради, деб ҳисоблайман. Оддий айтганда монополия бу алоҳида тармоқда мутлақ монархия, мутлақ подшоликдир. Ишқилиб қурилишдаги монархия барҳам топаётгани ва истеъмолчи даври келаётгани рост бўлсин!

Расул Кушербаев,
Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг