Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қирғизистон қарзини тўламаса, муҳим объектлар Хитой назоратига ўтади

Қирғизистон қарзини тўламаса, муҳим объектлар Хитой назоратига ўтади

Фото: «Vb.kg»

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров агар расмий Бишкек ХХР олдидаги ташқи қарзини тўламаса, мамлакатдаги баъзи муҳим объектлар Хитой назорати остига ўтиши мумкинлигини истисно қилмади. Бу ҳақда «Кабар» Қирғизистон давлат ахборот агентлиги эълон қилган республика раҳбарининг интервьюсига асосланиб «Российская Газета» хабар берди.

Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, мамлакатнинг ташқи қарзи банкка бериладиган оддий кредит каби тизим бўйича тўланади. Мабодо қарз олувчи ўз мажбуриятларини бажара олмаса, уларни мол-мулк билан тўлайди. Шундай қилиб Хитой назорати остига ўтиши мумкин бўлган иншоотлар орасида Қирғизистон раҳбари мамлакат шимолидаги энг йирик электр иншооти — Бишкек иссиқлик электр станцияси, Датка-Кемин электр узатиш линияси, шунингдек, республиканинг шимоли ва жанубидаги бирлаштирувчи йўл санаб ўтилган.

«Биз улар учун пул олдик. Агар биз ўз вақтида тўламасак, ушбу объектларни бошқариш бошқа томонга ўтади. Агар бу етарли бўлмаса, унда улар бошқа бир объектларни олиш ҳуқуқига эга», — дея таъкидлаган Жапаров

Қирғиз президенти сўзларига кўра, ушбу инфратузилма лойиҳалари учун маблағ ажратиш тўғрисида келишувлар аввалгилар даврида тузилган ҳамда ўзаро шартлар юмшоқроқ бўлиши мумкин.

«Аммо биз қарзларни ўз вақтида тўлаяпмиз. 2020 йилнинг 31 декабрига қадар биз 30 миллион доллар тўлашимиз керак эди. Бу маблағни бутунлай тўладик. Бу йил ҳам тўлашимизга ишонамиз. Бизда маблағ манбалари мавжуд», — дея қўшимча қилган у.

Маълумот учун Хитой Қирғизистоннинг энг катта кредитори ҳисобланади. Бу республиканинг хорижий кредитлари бўйича мажбуриятларнинг 40 фоиздан ортиғини ташкил этади. Сўнгги ўн йил ичида ХХР Қирғизистонга кредитлар миқдорини ошириб, бир қатор йирик инфратузилма лойиҳаларига маблағ ажратди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг