Қатар-2022. Франция Полшани енгиб, чоракфиналга йўл олди, Жиру Анрининг рекордини янгилади
Бугун, 4 декабр куни Қатардаги жаҳон чемпионатининг 1/8 финалида Франция ва Полша терма жамоалари кейинги босқич йўлланмасини ҳал қилди.
Французлар ҳужумчиси Оливье Жиру 44-дақиқада ҳисобни очди. Мбаппенинг узатмасини рақиб дарвозаси пастки ўнг бурчагига жойлаб қўйди.
Бу 36 ёшли футболчи терма жамоа сафида киритган 52-гол бўлди. У Франция миллий жамоасининг энг яхши тўпурари Тьерри Анри (51 гол)дан ўзиб кетди.
74-дақиқага келиб французлар таблода ўзлари учун қулай ҳисобни қайд этишди. Ҳимоядан тезкор қарши ҳужум уюштирилди, Дембеленинг узатмасини Мбаппе голга айлантирди.
Иккинчи бўлимда, қўшиб берилган илк дақиқада Мбаппе Полша дарвозасини аниқ нишонга олиб дублга эришди ва мундиалдаги голлари сонини бештага етказиб олди.
Левандовски 90+9 дақиқада полякларнинг ўйиндаги илк голини пеналтидан киритди.
Ишончли ғалаба французларни плей-оффга олиб чиқди.
Уларнинг рақиби бугун тунда (соат 23:59 да бошланади) Англия ва Сенегал терма жамоалари ўйинидан сўнг маълум бўлади.
ЖЧ-2022. 1/8 ФИНАЛ
4 декабр, «Al Thumama Stadium»
Франция — Полша — 3:1
Голлар: Оливье Жиру (44), Килиан Мбаппе (74, 90+1) — Роберт Левандовски (90+9, пеналти).
Франция: Льорис, Кунде (Дисаси, 90), Варан, Упамекано, Эрнандес, Рабьо, Тчуамени (Фофана, 66), Жиру (Тюрам, 76), Гризманн, Дембеле (Коман, 76), Мбаппе.
Полша: Шченсни, Кэш, Глик, Кивер (Беднарек, 87), Берешински, Камински (Залевски, 71), Франковски (Гросицки, 87), Криховяк (Белик, 71), Зелински, Шимански (Милик, 64), Левандовски.
Огоҳлантиришлар: Тчуамени (31) — Берешински (47), Кэш (88).
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter