Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекистондаги суғориладиган ерларининг қарийб 53 фоизи турли даражада шўрланган» – сенатор

«Ўзбекистондаги суғориладиган ерларининг қарийб 53 фоизи турли даражада шўрланган» – сенатор

Фото: «Xabar.uz»

Сенатнинг 47 ялпи мажлисида “Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди. Қонунни қабул қилиш зарурати ер юзидаги бугунги экологик омилларнинг кескин ўзгариши ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлиги ва сифатини оширишга ўз таъсирини кўрсатаётгани, бу эса, ўз навбатида, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва истеъмол рационини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини ошириш, сақлаш ва асраб-авайлашни талаб этаётганини билан изоҳланди.

Баҳодир Тожиев, сенатор
Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

«Сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотларга кўра, эътибор беринг, республикамизда суғориладиган ерларининг қарийб 53 фоизи турли даражада шўрлангани, 69 фоизга яқин тупроқ устки қатламида гумус миқдори бор-йўғи 0,5-1 фоизни ташкил этгани, 600 минг гектар яйлов ерлари турли даражада деградацияга учраганини кўрсатмоқда.

Муҳокамамизга ҳавола этилган “Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида”ги Қонун айни вақтида ишлаб чиқилган деб ҳисоблаймиз. Қонуннинг қабул қилиниши тупроқ унумдорлигини пасайиш жараёнларига барҳам беришга ҳуқуқий замин яратади. Шунингдек, тупроқ унумдорлигининг пасайишига олиб келувчи сабаб ва омиллар аниқланиб, уларнинг олдини олиш бўйича оқилона тадбирларни амалга ошириш механизмлари яратилади», дейди Сенатнинг аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Қонунда:

  • тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш доир асосий тушунчаларнинг мазмун-моҳияти очиб берилмоқда, қолаверса соҳанинг асосий принциплари мустаҳкамланмоқда;
  • ер фондининг барча тоифаларидаги тупроқнинг унумдор ва тупроқ ҳосил қилувчи қатламлари тупроқни муҳофаза қилиш объекти этиб белгиланмоқда;
  • тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тадбирлари доираси кўрсатилмоқда;
  • шаҳарсозлик фаолиятини ёки қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа ишларни амалга ошириш чоғида тупроқни муҳофаза қилишга ва ундан оқилона фойдаланишга доир талаблар мустаҳкамланмоқда;
  • Вазирлар Маҳкамаси, Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги ва Табиат ресурслари вазирликлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги ваколатлари аниқ кўрсатилмоқда;
  • тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги давлат назорати, ер эгаларининг, ердан фойдаланувчиларнинг ва ер участкалари ижарачиларининг тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланмоқда;
  • тупроқнинг унумдор қатламини сақлаш ва ерларни рекультивация қилиш, тупроқнинг ҳолати ва сифатини баҳолаш нормалари, тупроқни ўрганиш, тупроқ хариталари, тупроққа оид маълумотлар фонди, тупроқ мониторинги, шунингдек тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги илмий тадқиқотларга доир масалалар очиб берилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг