Қалбаки пуллардан эҳтиёт бўлинг!
Дунёдаги қалбаки пуллар тарихи ҳақиқий пуллар яратилган пайтданоқ бошланган. Яъни бундай пуллар ҳар доим бўлган. Ҳатто буюк файласуф Диоген ҳам қалбаки пул тайёрлашда айбланган. Россиялик саноатчи Демидовлар ўз заводларида шоҳ тангаларини шунчалик ўхшатиб ясашганки анча вақтгача иккала пуллар ҳам бемалол ишлайверган. Қадимги Греция ва Римда, Ўрта асрларда ва ҳозирги кунда ҳам қалбаки пуллар бор. Мана шу сатрларни ўқиётган пайтингизда қайсидир қалбаки пул ясовчи ўзининг янги “асари” устида тер тўкмоқда. Эҳ, қалбаки пул ясовчиларнинг бу борадаги ихтиро ва интилишлари... Агар улар бу қобилиятларини тақиқланмаган соҳаларга йўллаганларида борми, тараққиёт анчагина одимлаган бўларди.
Интерполнинг етакчи давлатларга валюталар дизайнини ҳар 2-3 йилда ўзгартириб туриш бўйича берган тавсиялари бежизга эмас. Сохта пул ясовчилар тахминан икки йил муддат ичида ҳар қандай валютани қалбакилаштириш тизимини ишлаб чиқадилар ва пулларни муомалага киритишга улгурадилар. Қалбаки пул ясовчилар мамлакатлар ва ҳатто дунё иқтисодига етказиши мумкин бўлган зарарнинг кўламини ҳисоблаб чиқиш қийин. Лекин шуни айтиб ўтиш мумкинки қадимда қалбаки пул бутун бир давлатлар иқтисодининг жарга қулашига сабабчи бўла олганлар. Қуйида эътиборингизга қалбаки пул ясовчилар ва уларнинг кирдикорлари билан боғлиқ қизиқарли фактларни ҳавола қиламиз.
- Ёши каттароқ юртдошларимиз яхши эслашади, собиқ иттифоқ даврида 10 ва 25 рубллик пуллар айниқса қадрланарди. Ўнталик чет элларда ҳам ўтиши учун, йигирма бешталик чиройли дизайни учун тўпланар, камёб ҳисобланарди. Ҳали-ҳануз қалбаки пул ясовчилар орасида афсонага айланган ва алоҳида тилга олинадиган иттифоқ фуқароси, Ставропол ўлкасида яшовчи Виктор Баранов айнан мана шу - тайёрланиши жуда мураккаб бўлган 25 рубллик пулларни қалбакилаштиришга киришади. Ўз вақтида СССРнинг биринчи ва охирги президенти бўлган Михаил Горбачевга ҳайдовчилик ҳам қилган Виктор Баранов бошлиғидан кам шуҳрат қозонмади. У ясаган пуллар шу даражада сифатли, аслидан фарқ қилмайдиган даражада эдики уни қўлга олган милиционерлар махсус ясалган станок ёнида чоп этиб тайёрлаб қўйилган пулларни кўриб оғизлари очилиб қолганди. Баранов бу ишга 1963 йилда киришган. Гарчи ўша йиллари собиқ иттифоқ ракета учирган, атом қуролларини дунёга кўз-кўз қилаётган бўлсада, қалбаки пул ясовчилар учун зарур бўлган оддий принтер, ксерокс каби ускуналар ҳали мутлақо йўқ эди. Баранов бу ишга астойдил киришади ва полиграфия ускуналари ва усуллари бўйича қўлланмаларни ўрганиб чиқа бошлайди. Билимлари, қобилиятини нақд 12 йил давомида уй шароитида қалбаки пул ясаш технологиясини яратишга сарфлаган Баранов 1975 йилга келиб дастлабки, аслидан асло фарқ қилмайдиган 25 таликни тайёрлайди. Бу пайтга келиб доимо маҳсулотлар танқислигидан азият чекиб келган собиқ иттифоқда ҳам пулга анчагина камёб ҳисобланадиган нарсаларни ҳам топиш мумкин бўлиб қолганди. Виктор Баранов шошилмасдан, икки йил давомида 33 минг рубль тайёрлади, лекин уларнинг кўпини ишлата олмади, эҳтиётсизлик туфайли қўлга тушиб қолди. Суд Барановни 12 йилга - қалбаки пул тайёрлашга қанча вақт сарфлаган бўлса шунча муддатга озодликдан маҳрум қилди. Лекин у билан Госзнак ташкилоти қизиқиб қолди. Чунки у яратган технология шу даражада мукаммал эдики, Барановнинг айрим услублари давлат томонидан ҳам қўлланила бошланди! Диққат қилинг, вақтлар ўтиб бутун мамлакат аслида қалбаки пул ясовчи бўлган Баранов технологияси бўйича яратилган пулларни ишлата бошлади. Қамоқдан чиққанидан сўнг ихтирочи ҳар қандай жиноий ишларга чек қўйиб бизнесга киришди. Унинг қўлига қалбаки пул тушиб қолганида бу пулларни ясовчиларнинг уқувсизилигидан кулиб қўярди;
- АҚШ доллари АҚШнинг ўзида ҳам, бошқа давлатларда ҳам энг кўп қалбакилаштириладиган валюта ҳисобланади. Дастлаб оқ-қора рангларда бўлганида фотография ихтиро қилинди-ю ҳаммаёқни қалбаки пуллар босиб кетди. Энг қизиғи АҚШ Махфий хизмати 1865 йилда айнан қалбаки пул ясовчиларга қарши курашиш учун махсус тузилган. Ўша пайтда ҳар учта доллардан биттаси қалбаки эди. АҚШ Федерал Захира тизими (Марказий Банк) тузилганидан сўнг валюта чоп этилиш бўйича ягона тизим йўлга қўйилди. Унга қадар ҳар бир банк ўзича валюта чоп этаверган. Қалбаки пул ясовчилар билан курашиш мақсадида доллар аввал яшил, ҳозирда эса қизғиш тусга кирди;
- Долларни қалбакилаштирганлар орасида энг машҳурлари ака-ука Дюпонлардир. 1970 йилларда тўрт ака-ука ҳамжиҳатликда 112 млн доллар қийматга эга қалбаки долларни муомалага киритиб юборганлар. Эмануэл Нинжер эса пулларни чоп этмас, ҳар бирини алоҳида чизиб чиқарди. Унинг хотини ва тўрт нафар фарзанди пул топиш учун фермаларида уззукун ишлаганларида Нинжер уйига қамалиб олиб пул “чизарди”. Эллик доллар устида Нинжер 4-5 кун меҳнат қилар, бир ойлик пулларини тўплаб, ойнинг охирги жумасида тайёр пулларини ишлатиб келарди. “Оғир меҳнат”дан чарчаган Нинжер бир сафар эҳтиётсизликка йўл қўйди. Чизган пулига “Гравировка ва чоп этиш бюросида чоп этилди” деган сўзларни ёзишни унутди (тўғрида, пул у ерда чоп этилмаган бўлса...). Буни сезиб қолган бир эҳтиёткор бармен уни тутиб берди;
- Иккинчи жаҳон урушидан кейин польшалик қурувчи-муҳандис Чеслав Боярски Францияга келиб қолди ва ортга қайтишни истамади. Муҳтожлик уни энг зориққан нарсаси – пулларни ўз қўли билан яратишга ундади ва Боярски қалбаки франклар ясашга киришиб кетди. Яхшигина билимга эга бўлган Чеслав ишни кўпчилик сингари бўёқ ва қолиплар ясашдан эмас, сифатли қоғоз яратишдан бошлади. Ниҳоят анчагина уринишдан сўнг у ўзига хос шиқирлайдиган қоғоз ишлаб чиқариш технологиясини яратди. Пулсизликдан қийналсада, шошмади. Қолипни ҳам бўёқни ҳам аъло даражада тайёрлади ва роса 16 йил давомида қалбаки пул ясайверсада, қўлга тушмади. Унинг ҳам эҳтиётсизлик бошига етди. 1966 йилда ишлаб чиқариш жараёнига қариндошини жалб қилди ва унга ҳам табиийки ўз пулларида ҳақ тўлади. Қариндоши эса бу пулларга қимматли қоғозлар сотиб олди ва кузатув остига тушди ҳамда охир оқибат Боярскини ҳам тутиб берди;
- Муомалага киритилганига кўп бўлмаган Евро ҳам аллақачон қалбакилаштирила бошланган. Гарчи доллар сингари қалбаки пул ясовчиларнинг севимли валютаси бўлмасада (Евро долларга нисбатан 10 марта камроқ қалбакилаштирилади) 50 евролик купюралар энг кўп “ясалади”. Италиялик Жованни Сассано 1 ва 2 Евролик тангаларни ҳам аъло даражада зарб қилган;
- Қадимда бутун бошли давлатлар ҳам қалбаки пул ясашга аралашганлар. Эрамиздан аввалги VI асрда Коринфда тангалар ўз қийматига тенг бўлган. Яъни 1 танга шунга яраша олтинга эга эди. Давлат танқисликни бартараф этиш мақсадида оддий темирга олтин қоплаб муомалага чиқариб юборади. 446-385 йилларда бўлиб ўтган Пелопоннесс урушидан кейин қалбаки тангалар шу даражада кўп зарб қилиб юборилдики мамлакат иқтисоди буткул таназзулга юз тутди;
- Наполеон Россия иқтисодини емириш учун махсус устахона қурдиради ва қалбаки рубллар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Бу пуллар шу даражада сифатли эдики, хом-ашёси асл рубллардан ҳам сифатлироқ эканлиги туфайли ҳам сезилиб қолади;
- Гитлер дунё валюталарини қалбакилаширишга ва шу йўл билан мамлакатлар иқтисодига зарар етказишга алоҳида эътибор қаратади. Германияда бу борадаги ташкилотлар шу даражада кўп эдики, Иккинчи Жаҳон урушидан кейин ҳам, 1955 йилга қадар Германияга ҳатто миллий валютани ҳам чоп этиш мутлақо таъқиқлаб қўйилди. Немис пуллари махсус белгиларсиз Лондонда чоп этиб берилди;
- Ҳар қирқинчи 1 фунт-стерлинг тангаси, ҳар ўн мингинчи 100 долларлик пуллар қалбаки;
- Британиялик қалбаки пул ясовчи Маркус Глиндон 14 миллионта 1 фунтлик зарб қилб юборган ва қўлга тушиб 5 йилга қамалган;
- Ҳозирги шаклдаги биринчи банк - «Banca Monte dei Paschi di Siena» банки 1472 йилда Италияда очилган ва қалбаки пулга қарши курашишнинг янги даври бошланди;
- Албатта эътибор берган бўлсангиз керак ҳамма тангаларнинг чети ғадир-будир қирғоққа эга. Бунинг ҳам ўзига хос тарихи бор. Бир вақтлар тангаларнинг нафақат ўз қиймати, балки қимматбаҳо металлнинг ҳам миқдори бўлган. Устамон одамлар тангаларнинг четини кесиб олиб қолганини муомалага киргизиб юбораверишган. Бунга қарши курашиш учун ғадир-будир қирғоқли тангалар зарб қилинган ва улар бўлмаган тангалар ўтмаган. Ҳозирда тангалардаги металлдан фойдаланиб бўлмасада, улар анъанага кўра қирғоғи билан зарб қилинмоқда;
- Қалбаки пул ясовчилар АҚШ валюталарида сурати тасвирланган ягона аёл Марта Вашингтон билан зарб қилинган 1 $ лик кумуш тангаларни ҳам қалбакилаштиришган;
- АҚШдаги биринчи қоғоз пуллар 1861 йилда Фуқаролик урушини молиялаштириш мақсадида чоп этилган. Бу пулларни Ғазначилик бюросининг чордоғида олти киши тайёрлаган;
- Қадимда йирик шохдор қорамоллар, чиғаноқлар, патлар ва ҳатто какао доналари пуллар ўрнидаги энг қадимий муомала воситалари ҳисобланган. Қалбаки пул ясовчиларнинг ишларини кўриб бу воситалар бекор қилинганига ҳам ачиниб кетасан киши.
Гарчи қадри етакчи хориж валюталари каби бўлмасада, миллий валютамиз ҳам вақти-вақти билан қалбакилаштириб турилади. Хусусан, Хоразм вилояти божхона бошқармаси ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида Хонқа туманида қалбаки пулларни ясаш ва ўтказиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолияти фош қилинган. Ўтказилган тезкор тадбир жараёнида Н.Мадраҳимовга тегишли бўлган «Damas» русумли автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда бир хил серия ва рақамли 592 дона 1000 сўмлик қалбаки купюра, ҳар бирининг орқа ва олдига 4 донадан купюра тасвири туширилган, аммо қирқишга улгурилмаган 25 дона А-4 форматдаги қоғоз, 1000 сўмлик купюраларни ўрашга мўлжалланган 992 дона белбоғ ва ўн дона пакетча борлиги аниқланган. Тергов жараёнида жиноий гуруҳ жами 1,1 миллион сўмлик қалбаки купюраларни ясаганлиги ва бир қисмини муомалага киритганлиги маълум бўлган.
Сирдарё вилояти Оқолтин тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилган К.Ҳошимжонованинг аризасида ёзилишича, ўзига тегишли бўлган савдо дўконида савдо қилаётган вақтида Epica русумли 10 N 110 FA давлат рақам белгили автомашинада тўрт нафар номаълум шахс келган.
Улар ундан 26 минг сўмга нарсалар харид қилиб, тўлов учун 50 минг сўмлик купюра бериб кетишган. Аёл улар кетишганидан сўнг купюра ҳақиқий эканлигига шубҳа туғилиб, бу ҳақда ИИБ ходимларига хабар берган. Шунингдек, суриштирув жараёнида У.Мирзараҳматов, Ф.Носиров, А.Абдураҳимов ва Ф.Гилязовлар Тошкент вилояти, Чиноз тумани, Яллама МФЙ ҳудудида жойлашган "Балиқ" чойхонасида овқатланиб, 235 минг сўм ичига 1 дона қалбаки 50 минг сўмлик купюрани қўшиб тўлов қилганлиги аниқланиб, ушбу купюра далилий ашё сифатида олинган.
Вилоят ИИБ ЭКБнинг хулосасида, тақдим қилинган серия рақамлари бир хил — АW 1617005 бўлган икки дона 50 минг сўмлик купюра томчи пуркагич рангли принтерда тайёрланганлиги, ушбу технология Ўзбекистон миллий валютасини ишлаб чиқариш технологиясига мос келмаслиги кўрсатилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter