Қалампир ейиш бўйича рекорд янгиланди (видео)
Канадалик Майк Жек ўзининг рекорд кўрсаткичини янгилаб олди. Гиннеснинг рекордлар китоби хабарига кўра, у ўн сония ичида дунёдаги энг аччиқ учта қалампирни паққос туширди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Рекорд 2020 йил ноябрь ойининг охирида Онтариода қайд этилди. Майк режасини ўз уйида амалга оширди. Бунда унга рафиқаси Жейми ёрдамлашиб турди. У гувоҳ, хронометражист ва мураббий сифатида иштирок этди. Шартларга кўра, ҳар бир қалампир камида беш граммни ташкил этиши керак эди. Жек, шунингдек, дунёдаги энг аччиқ қалампирлар турига мансуб Каролина ўроқчисини чайнаганлигини тасдиқловчи сертификатни тақдим этди.
Қалампирнинг бу тури «PuckerButt Pepper Company» компаниясидан Эд Карри томонидан етиштирилган. Жанубий Каролина Уинтроп университетида ўтказилган тест натижаларига кўра, бундай қалампир Сковилл шкаласи бўйича ўртача 1,6 млн бирликни ташкил этади. Майк эса 9,72 сонияда Сковилл шкаласи бўйича тахминан 4,9 млн бирликни истеъмол қилган. Таққослаш учун, халапеньо қалампирининг кўрсаткичи 2 — 10 минг бирлик атрофида.
Канадалик учун бу рекорд гарчи ютуқ бўлса-да, лекин аччиқ қалампир истеъмол қилиш унинг учун одатий ҳолга айланган. У мунтазам равишда чили истеъмол қилиш бўйича мусобақаларда қатнашиб туради. Бу борада, ҳатто, «YouTube»да ўз каналини юритади.
«Мен ўз олдимга чили ейиш бўйича иложи борича кўпроқ Гиннес рекордларини ўрнатишни мақсад қилиб қўйганман», — деди рекордчи.
Унинг ҳисобида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган учта рекорд бор. 2019 йил январь ойида у 9,75 сонияда учта Бхут Жолокия чили қалампирини еб тугатди (унинг аччиқлиги гарчи Калифорния ўроқчисига етиб бормаса-да, Сковилл шкаласи бўйича 1 млн бирликдан ошади). Март ойида у Бхут Жолокия чилини бир дақиқа давомида истеъмол қилди ва шу вақт ичида 97 грамм қалампирни паққос туширди. 2020 йил февраль ойида у икки дақиқа давомида 246 грамм Бхут Жолокияни истеъмол қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter