Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Путин Москвадаги парадга нега фақат Жапаровни таклиф қилди?

Путин Москвадаги парадга нега фақат Жапаровни таклиф қилди?

9 май куни Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалаба муносабати билан Москвада ўтадиган ҳарбий парадда фахрий меҳмон сифатида Қирғизистон президенти Садир Жапаров қатнашади.

Парадда хорижлик давлат раҳбарларининг иштироки Россиянинг халқаро майдондаги нуфузи қай аҳволда эканини кўрсатиб келган. Бу йил эса Қирғизистон раҳбари Россия президенти Владимир Путиннинг ягона хорижлик меҳмони бўлиши кутилмоқда.

Хўш, бунинг сабаби нимада? Нега Қирғизистон Ўзбекистон ва Қозоғистондан фарқли равишда Украинага босқин уюштирган Россия билан ўзаро масофа сақлашга интилмаяпти? Ёки у «Марказий Осиё Беларуси» бўлмоқчими?

Қирғизистоннинг «Kloop» нашри Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубновга шу саволлар билан мурожаат қилди.

«Садир Жапаровга рад этиб бўлмас таклиф йўлланди. Қирғизистон президентини Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари мансуб сиёсий қудрат гуруҳига киритиб бўлмайди. Кремлга 9 май паради учун хорижлик меҳмон зарур эди. Бирор бир Ғарб етакчиси ёки йирик мамлакат раҳбари Москва таклифига кўнмаслиги кундек равшан эди. Рад жавоби сабаб ўнғайсиз ҳолатга тушмаслик учун ҳам бундай таклифни бермаслик маъқул кўрилган», – дейди Аркадий Дубнов.

Таҳлилчига кўра, ҳарбий парадда ягона хорижлик давлат раҳбари мақоми Қирғизистон етакчиси чекига тушгани бежиз эмас.

«Беларусь бугун постсовет маконнинг ғарбий сарҳадларида Россиянинг яқин вассали саналади. Хайриятки, Қирғизистон Россиянинг маҳрами ёки яқин иттифоқчиси бўлишга даъво қилмайди ва бунга тайёр ҳам эмас. Қирғизистоннинг бошқа вазифаси бор – мамлакат анъанавий равишда Россия билан робиталарга алоҳида эътибор қаратади. Бир муддат аввал Қирғизистонда рус тили жуда кенг тарқалганига гувоҳ бўлган эдим. Сирасини айтганда, Қирғизистон Марказий Осиёдаги энг русофил мамлакатдир», – деб хулоса қилади сиёсатшунос А.Дубнов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг