Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президентлар Алиев ва Тўқаев учрашуви: уч муҳим жиҳат очиқланди

Президентлар Алиев ва Тўқаев учрашуви: уч муҳим жиҳат очиқланди

24 август куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Озарбайжонга ташриф буюрди. Бу – Қозоғистон етакчисининг Бокуга президент сифатидаги илк расмий ташрифидир.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, икки давлат раҳбари – Илҳом Алиев ҳамда Қосим-Жўмарт Тўқаев яккама-якка ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди. Учрашувлар якунида бир қатор муҳим ҳужжатлар, жумладан, Қозоғистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида стратегик муносабатларни мустаҳкамлаш ва иттифоқчилик ҳамкорлигини чуқурлаштириш тўғрисида декларация ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2022–2026 йилларга мўлжалланган дастур қабул қилинди.

Икки мамлакат ўртасида энергетика, транспорт, агросаноат мажмуи, бизнес тузилмалари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш борасида катта салоҳият мавжуд. Таҳлилчилар расмий Боку ҳамда Нурсултон муносабатларидаги уч муҳим жиҳатга эътибор қаратмоқда.

Биринчидан, ҳозирги геосиёсий ва геоиқтисодий воқелик Озарбайжон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама кучайтиришни талаб қилмоқда. Бу борадаги асосий йўналишлардан бири транспорт соҳасидир. Қозоғистон Транскаспий халқаро транспорт йўлагидан (Ўрта йўлак) фаол фойдаланиш истагини билдирган. Евроосиё, Жануби-Шарқий Осиёни Қозоғистон, Каспий ҳавзаси, Озарбайжон, Грузия, Туркия орқали Европа Иттифоқи билан боғлайдиган мазкур халқаро йўлнинг аҳамияти ошиб боряпти. Жорий йилнинг 7 ойи давомида Боку халқаро денгиз порти орқали Қозоғистондан юк ташиш ҳажми қарийб 1 миллион тоннани ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,2 баробарга ошди. Демак, Озарбайжонда Қозоғистондан юк ташиш ҳажмини ошириш учун қулай транспорт инфратузилмаси мавжуд.

Айни чоғда, Боку–Тбилиси–Карс темирйўли воситасида Хитойдан маҳсулотларни Қозоғистон орқали 12 кунда келтириш мумкин. Бу борада эса Қозоғистоннинг транзит салоҳияти қўл келади.

Иккинчидан, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик устувор йўналишлардан бири саналади. Қозоғистон нефть экспортида муайян қийинчиликларни бошдан кечирмоқда ва нефть қазиб олишни кўпайтириш режаларини ҳисобга олган ҳолда янги йўналишларни излаётир. Озарбайжон бу борада мақбул йўналишлардан бирига айланиши мумкин. Қолаверса, энергия манбаларига бой икки давлат нефть ва газ ускуналарини ишлаб чиқариш, конларга хизмат кўрсатишда ҳам фаол ҳамкорлик қилиши манфаатлидир.

Учинчидан, ҳозир БМТ низоми ва резолюцияларига мувофиқ ҳудудий яхлитлик ва суверенитетни сақлаш кун тартибига чиқмоқда. Иқтисодий, савдо-сармоявий, маданий йўналишдаги алоқаларнинг аҳамиятини камситмаган ҳолда, ҳудудий яхлитлик ва суверенитет расмий Боку учун ҳам, Нурсултон учун ҳам устувор аҳамиятга эга масала эканини қайд этиш жоиз. Сирасини айтганда, Каспий денгизининг ғарбий ва шарқий соҳилида жойлашган икки туркий мамлакат жуғрофий, геосиёсий, иқтисодий ва маданий омилларга кўра ҳамкорликни кучайтириши мақсадга мувофиқдир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг