Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Комил Алламжонов Президент ташрифи арафасида кузатилган кўзбўямачиликларга муносабат билдирди (видео)

Комил Алламжонов Президент ташрифи арафасида кузатилган кўзбўямачиликларга муносабат билдирди (видео)

Комил Алламжонов —Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби.

Фото: «Nuz.uz»

Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби Комил Алламжонов Давлат раҳбарининг ҳудудларга ташрифидан сўнг интернет нашрларида эълон қилинган айрим хабарларга муносабат билдирди. У бу борадаги мулоҳазаларини «Facebook»даги саҳифаси орқали, жонли эфирда билдирган.

Аввалроқ баъзи вилоятларда Ўзбекистон Президентининг ташрифи арафасида «бир кунлик иссиқхоналар» қурилгани, Давлат раҳбарининг вилоятга ташрифи якунига етгач, қўл учида қурилган иссиқхоналар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, автомобиль йўллари Шавкат Мирзиёев ташифи арафасида «қўлдан ўтар, эгасига етар...» қабилида таъмирлангани, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятидаги «Зарбдор Текстил» корхонасига ташриф буюрган вақти унинг қаршисида ҳақиқий ишчилар эмас, балки яқин-атрофдаги коллежларда таҳсил ўқувчи қизлар худди ишлаётгандек бўлиб ўтиргани, корхона аслида ҳали иш бошлашга тайёр эмаслиги ҳақида материаллар пайдо бўлган эди. 

Президент матбуот котиби Комил Алламжонов «бундан хабардор» эканига алоҳида урғу берди. «Кейинги масала — куни кеча Жиззах вилоятига бўлган сафар жараёнида бир тикув цехига бўлган ташриф билан боғлиқ: «У ерда ишлаётган қизлар коллеж ўқувчилари, аслида бу кўзбўямачилик бўлди, булар ишчилар эмас», деган фикрлар пайдо бўлди. Бу масалага ҳам эътиборингизни қаратиб шуни айтмоқчиманки, бундан бизнинг хабаримиз бор», — деб айтган К.Алламжонов. — Аҳамият берган бўлсангиз, бу тикув цехи 10 ой ичидайўқ жойдан пайдо бўлган. Ҳозирча бу цех 100 фоиз қувват билан иш бошлагани йўқ. Таъмирлаш, 100 фоиз қувват билан ишлашни ташкил қилиш жараён кетмоқда. Корхона раҳбарлари ушбу цех атрофидаги ҳудудда истиқомат қилувчи вақтинча ишсиз аёлларга, корхонага яқин жойлашган коллежлардан, ихтиёрий равишда, талабгор қизларга иш ўргатишни ва келажакда, коллежни битирганларидан кейин уларни ишчи сифатида қабул қилишни режалаштирган. Ҳозир эса фақат тайёргарлик жараёни кетяпти.

Кези келганда айтиб ўтмоқчиман — йиллар давомида тўпланган муаммолар бир кунда, бир ҳафтада, бир ойда ҳал бўлмайди. Албатта, бунинг учун вақт керак. Ушбу масалани тўғри тушунган ҳолда, масалага фақат бир томондан эмас, чуқурроқ қараб баҳо беришингизни, муносабат билдиришингизни ва Юртбошимиз бугун олиб бораётган ишларида уларга елкадош, кўмакдош бўлишингизни илтимос қиламиз ва шунга чақирамиз».

Бундан ташқари, Президент кўрсин учун номига қилинган иссиқхоналар ва уларнинг аҳволи ҳақидаги хабарларга ҳам изоҳ берди. Унинг айтишича, Президент бориб кўрган иссиқхоналарни «бир кунда, биргина ташриф учун барпо этиш мумкин эмас». Шу сабабли у буни кўпроқ бўрттирилган бир материал дея баҳолаган. «Агар бу иссиқхоналар Президентимиз кетганларидан кейин йўқ бўлиб қолган бўлса, бузиб ташланган бўлса ёки уларнинг вақтинчалик эканини исботловчи бирор бир далил бўлса, фуқароларимиздан тақдим этишларини жуда ҳам илтимос қилиб қолардик», — деб айтган Комил Алламжонов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг