Президент ўтказган йиғилишда иш ҳақини ошириш режалаштирилгани маълум қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 5 июль куни биринчи ярим йилликда давлат бюджетига тушумлар натижадорлигини таҳлил қилиш ва янги вазифаларни белгилаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар бергандик.
Видеоселекторда яна бир муҳим масала – энергия ресурслари тарифларини оптималлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Охирги икки йилда аҳоли, ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектларини узлуксиз электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Ушбу йўналишдаги ишларни янада яхшилаш мақсадида тегишли тармоқларни модернизация қилиш, энергия тежамкор технологияларни қўллаш ва харажатларни оптималлаштириш талаб этилмоқда. Буларсиз тармоқларнинг молиявий аҳволини яхшилаш ва соҳага фаол инвестицияларни жалб қилиш имконсиз.
Шу боис, мутахассислар ва халқ вакиллари фикрларини инобатга олиб, аҳоли учун тарифларни кескин оширмасдан, инфляция даражасига яқин миқдорда ўзгартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Тариф ислоҳотлари халққа енгил бўлиши учун энг кам иш ҳақини ҳам ошириш режалаштирилган.
Йиғилишда тарифларни тартибга солиш бўйича таклиф этилаётган ислоҳотларни аҳолига тўлиқ етказиш зарурлиги таъкидланди. Солиқ ислоҳотларини тарғиб қилиш бўйича Республика ишчи гуруҳи аъзолари, шунингдек, маҳаллий кенгашлар депутатлари, иқтисодиёт ва коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари мутасаддилари жойларга бориб, ҳар бир маҳаллада аҳолига тарифлар ўзгаришининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича вазифалар белгиланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter