Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент фармони: cавдо ва хизмат кўрсатишда виртуал кассалар жорий этилади

Президент фармони: cавдо ва хизмат кўрсатишда виртуал кассалар жорий этилади

Фото:«Spot.uz»

Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаларида аҳоли билан амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн узатишни назарда тутувчи виртуал кассалар онлайн назорат касса машиналари (онлайн-НКМ) қаторида жорий этилади.

Фармон билан ўрнатилган тартибга мувофиқ:

- тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тақдирда: 

• уларга нисбатан амалдаги фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини ишлатиш бўйича мажбуриятлар бекор қилинади;

• кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъи назар нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топшириш ҳуқуқига эга бўлади;

• уларга ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки ягона солиқ тўлови ёхуд қатъий белгиланган солиқ суммасини унинг ҳар бирини харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар суммасига камайтириш ҳуқуқи берилади, бунда ушбу сумма базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмаган бўлиши керак;

• виртуал касса дастурий маҳсулотининг асос қисми (базаси) уларга Давлат солиқ қўмитаси томонидан бепул берилади;

- жисмоний шахсларнинг банк пластик карталари ёки чегирма (дисконт) карталарига оммавий оферта шартлари асосида ўтказилган бонуслар (пул, балл ва бошқа бирликлар) шаклидаги маблағлар (cashback) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи базаси сифатида қаралмайди;

- жисмоний шахсларнинг уй хўжалиги шароитида оладиган даромадлари даромад солиғидан озод қилинишида, реализация қилинган маҳсулот жисмоний шахс ёки унинг оила аъзоларига ажратилган томорқа ер участкасида етиштирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилиш тартиби бекор қилинади.

Шунингдек, Фармонга мувофиқ онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим қилинган чекда товарлар (ишлар, хизматлар) номи, миқдори, қиймати (нархи), суммаси, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлганда қўшилган қиймат солиғи ставкаси ва суммаси, шунингдек, QR-код ва фискал белги мажбурий тартибда акс эттирилади ва ушбу маълумотлар акс эттирилмаган чеклар ҳақиқий ҳисобланмайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг