Пойтахт ИИББ баёноти ёки «ёпишмаган гажжак»
Кеча ижтимоий тармоқларда Олмазор тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (ИИО ФМБ) масъул ходимининг овозли хабари (аудио) янгради. Унда фуқароларга нисбатан маъмурий баённома тузиш «кўрсатгичлари» пастлиги, бу ҳол юқори турувчи раҳбарларни қаноатлантирмаётгани боис йиғилишда қаттиқ гап эшитишаётгани таъкидланади. Шунингдек, унда бундай камчиликларни (?!) зудлик билан бартараф этиш учун бугундан бошлаб, ҳар бир профилактика инспектори фуқароларга нисбатан турли моддалар бўйича 5 тадан маъмурий баённома тузиш ҳақида топшириғи ички ишлар ходимларининг «ўзига хос, ўзига мос» бўлган оҳанг ва жаргонда етказилади.
Тармоқда катта шов-шув ва муҳокамаларга сабаб бўлган ушбу овозли хабар Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИО ФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси махсус топшириқлар бўйича инспектори подполковник Фаррух Холовга тегишли эканлиги маълум бўлди. Буни тан олган Ф.Холов ЎзА мухбири билан бўлган суҳбатда айтган гапларини ўхшамаган асослар билан изоҳлашга уринади ҳам.
Бугун Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси мазкур ҳолат бўйича тезкор хабар бериб, ушбу факт бўйича қуйидагиларни маълум қилди: «...Профилактика инспектори олдида ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва олдини олиш, қоидабузарларга нисбатан қонуний чора кўриш вазифаси туради. Яъни, майда безорилик, маиший жанжаллар каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган аҳоли орасидаги профилактик ишлар мунтазам равишда олиб борилиши зарур, шунингдек кучли таъсир қилувчи ва психотроп препаратлар, гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ жиноятларга қарши ўз вақтида чора кўриш зарур. Бу каби ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар аниқланган тақдирда профилактика инспектори қонуний чора кўриши, қонунбузарлик фактини яширмасдан, ҳолатни қонуний расмийлаштириши зарур.
«Натижа» сўзидан мурод – профилактика инспекторларининг иш сифатидир. Бунинг кўрсаткичи эса аҳоли ҳуқуқий саводхонлигининг ошиши, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сонининг пасайишида ифода топиб, кўрилган чораларнинг самарасидан дарак беради.
Режага тўхталсак. «Режа» сўзини расмийлаштирилган баённомалар сони деб тушуниш нотўғридир. Ҳар қандай фаолиятда иш режаси зарур бўлади. Профилактика инспекторларининг иш режаси деганда аҳоли билан, фуқароларнинг алоҳида тоифаси билан ишлаш режаси назарда тутилиб, мазкур режа ишониб топширилган маҳалла ҳудудидаги криминоген ҳолатдан келиб чиққан ҳолда мувофиқлаштирилади.
Шахсий таркибга вазифаларнинг нотўғри етказилиши муносабати билан, раҳбар бўлмаган ва шахсий таркиб олдига вазифа қўйиш ваколатига эга бўлмаган Олмазор тумани ИИО ФМБ ходимига нисбатан хизмат текшируви белгиланди».
Мана, «тезкор хабар» билан танишдингиз. Ушбу муносабат воқеликка хаспўштлаш учун қилинган ҳаракат, образли айтганда, «ёпишмаган гажжак»ка ўхшаб қолганини бир деганда илғаш қийинмас. Қаранг-да: «Натижа» сўзидан мурод – профилактика инспекторларининг иш сифатидир», дейиляпти. Яъниким, уларнинг иш сифатига ўзлари масъул бўлган ҳудудда тинчлик-осойишталик барқарорлиги, жиноят ва ҳуқуқбузарлик сони камайганига қараб баҳо берилади. Шундай экан, Олмазор туманида ҳуқуқбузаликлар сони камлигидан раҳбариятнинг норозилигидан шундай хулоса келиб чиқади: ҳудудда ҳаммаёқ расво, бироқ инспекторлар ишламаяпти, бунга «протоколлар» камлиги яққол мисол! Агар бу хулоса нотўғри дейиладиган бўлса, «режа» ва «резултать»дан мурод не? Шундоқ ҳам оғир аҳволдаги одамларни баттар қийнаб, охир-оқибат норозилик келтириб чиқаришми?!
Карантин қоидалари илк жорий этилган пайтда ички ишлар органининг айрим ходимлари қуюшқондан чиқиб кетгани ҳақида кўп гапирилди. Бу ҳақда ҳатто давлат раҳбари уларни огоҳлантиришгача борганди. Шундан кейин ҳам тегишли хулоса чиқарилмай «резултать»га ёпишилаётган экан, тизимда олиб борилаётган ўзгаришлар ҳали натижа бермаётгани, аксинча жиддий ислоҳотлар ўтказилиши зарурияти кун тартибига чиқаверади.
Яна бир гап. «Олмазор тумани ИИО ФМБ ходимига нисбатан хизмат текшируви белгиланиши» билан муаммога ечим топиш қийин. «Пастдаги»лар — ижрочи, холос. Мезонни баландроқ олиш керакка ўхшайди барибир...
...Карантин қоидаларига риоя этиш, ички ишлар органи ходимларининг қонуний талабларига риоя этиш, акс ҳолда бу жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида гаплар янграганда негадир ИИБ ходимлари ва хонанда Юлдуз Усмонова ўртасидаги можаро ёдга тушаверади, денг. Юртимизда карантин қоидалари кучда экан, уни бузишда айбланганлар топилиши эҳтимоли юқори. Савол: оддий фуқаро хонанда қилган қилиқнинг ўндан бирини қилса, битта узр ила қутилиб кетармикан?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter