Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пойтахт ҳокимлиги қайта қурилаётган Шота Руставели кўчаси бўйича маълумот берди

Пойтахт ҳокимлиги қайта қурилаётган Шота Руставели кўчаси бўйича маълумот берди

20 май, сешанба куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Шота Руставели кўчасини реконструкция қилиш лойиҳасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидланишича, пойтахтдаги Шота Руставели кўчаси махсус юқори тезликдаги BRT (Bus Rapid Transit) линиясига эга 36 та транспорт йўлакларининг биринчи қисмига айланади. Мазкур кўчада автобуслар учун ажратилган алоҳида йўлакни йўл ўртасига кўчириш орқали жамоат транспорти тезлигини 38 фоизгача оширилади.

Шахсий автомобиллар оқимини эса 26 фоизгача ошириши кутилмоқда. Ҳокимликка кўра, бу орқали биргина Шота Руставели кўчаси мисолида йилига қарийб 3,8 млн доллар миқдоридаги маблағ иқтисод қилинади.

Tashkent Invest компанияси раҳбари Баҳром Шокировнинг лойиҳани тендерсиз Хитой компаниясига ўтказилиши юзасидан берган тушунтиришига кўра, пудратчи давлат кафолатисиз тижорат таклифи орқали танлаб олинган.

«Лойиҳа бир вақтнинг ўзида тўртта хорижий компанияга таклиф қилинди: иккита хитой (CSCEC ва CITIC) ва иккита француз компаниялари. Бироқ, фақат CSCEC давлат кафолатисиз шартлар асосида ишлашга рози бўлди. Шунинг учун у билан шартнома имзоланди», – деди Шокиров.

Ўз навбатида, лойиҳа қурилишидаги тендерсиз танлов унинг молиялаштирилиши билан боғлиқ саволларни туғдиради. Шокировнинг айтишича, «лойиҳа бўлиб-бўлиб амалга ошириляпти. Бунда пудратчи ишни ўз маблағи ҳисобидан амалга оширади, давлат эса тўловни кейинроқ тўлайди». 

Мазкур матбуот анжуманида иштирок этган блогер Никита Макаренконинг ёзишича, Хитойнинг  China State Construction Engineering Corporation (CSCEC) компанияси қуриши айтилаётган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 198 миллион АҚШ доллари ва «бу ҳар 1 км учун 30 миллион доллар дегани». Ҳудди шундай лойиҳалар, жумладан, 2017 йилда Олмаотада 1 км учун 1 млн доллар, 2025 йилда эса 1 км учун 2 млн долларни, Боготада 6 млн долларни ташкил қилган. 

Бироқ пойтахт ҳокимлиги ушбу маълумотни рад этиб, бу сумма нафақат Шота Руставели кўчасидаги автобус йўлаги учун, балки, ундаги транспорт тармоғи ва туташ ҳудудларни (пиёдалар йўлаклари, велосипедчилар йўлаклари, суғориш, ёритиш, дренаж тизимлари ва бошқалар) модернизация қилиш бўйича инфратузилмавий тадбирларни ўз ичига олишини, қолаверса, яна ҳудди шундай 4 та кўча реконструкция қилинишини билдирди.

«Мазкур келишув доирасида ўртача 50 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ишларнинг биринчи босқичи Шота Руставели кўчасини комплекс қайта қуриш, шунингдек, Амир Темур хиёбони, Шаҳрисабз кўчаси ва Олмазор туманида жойлашган бошқа муҳим участкаларни янгилашни ўз ичига олади», – дейилади ҳокимлик муносабатида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг